Россиялик таниқли стендап комик ва видеоблогер Данила Поперечнийнинг Тошкентдаги чиқиши цензурага учради.
14 март куни россиялик комик Тошкентда “Қувноқ/ҳаёт” номли концерт дастурини тақдим этган. Чиқиш давомида унинг микрофони кўп маротаба ўчиб қолди. Концертдан кейин у Instagram’да буни ташкилотчилар атай қилгани ҳақида ёзди.
“Бу пост Тошкентда 1500 киши учун ажойиб концерт уюштирганим ҳақида бўлиши мумкин эди. Лекин ҳақиқат шуки, концертимдан дунёда содир бўлаётган воқеалар билан боғлиқ барча қисмлар олиб ташланди. Ҳар гал ҳазил ёки мавзу ҳозирги кун тартибига ҳеч бўлмаганда билвосита яқин борса ҳам, микрофонни шунчаки ўчириб қўяверишди. Улар ҳатто концертнинг очилиш қисмида ‘Россия’ сўзи оддий маънода қатнашган ҳазилларни ҳам ҳеч бир келишувсиз, ўзбилармонлик билан кесиб ташлашди”, — дейди комик.
Унинг сўзларига кўра, “маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари талаби билан концерт дастурининг камида 50 дақиқаси шу йўсинда ўтган”. “Ўзимни уйга қайтгандек ҳис қилдим”, — деди у.
“Майли, Тошкент, тугатамиз шекилли. Афтидан айтадиган ҳазилларим учун микрофоним ўчирилади. Урушга йўқ, хайрли тун”, — дея шоуни якунлаган Поперечний.
Данила Поперечний томошабинлардан пул тўлаб кирган шоулари кўнгилдагидек ўтмагани, унинг бир қисмигина намойиш этилгани (концерт дастури 2,5 соатга мўлжалланганди) учун узр сўради. Унинг таъкидлашича, томошабинлар пулини қайтариб олиш учун ариза бериши мумкин.
Изоҳ (0)