Сўнгги кунларда Молдова пойтахтида авж олган ҳукуматга қарши намойишлар Кремлга содиқ маҳаллий “Шўр” партияси томонидан амалга оширилаётган Россия режасининг бир қисмидир. Намойишларнинг пировард мақсади мамлакатнинг қонуний ҳукуматини ағдариш. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши координатори Жон Кирби маълум қилди, деб ёзмоқда CNN.
“Молдова Европага интеграциялашишда давом этаётган пайтда, Россия ҳукуматни заифлаштиришга ҳаракат қилмоқда”, — деди у.
Кирбининг қайд этишича, Россия Молдовада янги норозилик намойишларини режалаштирмоқда.
“Уларнинг мақсади тинч аҳоли ва полиция ўртасида сунъий равишда тўқнашувларни келтириб чиқариш ва давлат тўнтаришига замин яратиш”, — дея тушунтирди Кирби.
Унинг қўшимча қилишича, амалдаги қонуний ҳукумат ўрнига Кремл Молдова тепасига россияпараст ҳукуматни қўймоқчи.
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти, шунингдек, Москва Молдовадаги беқарорлик ҳақида дезинформация тарқатиш устида ишлаяпти, деган фикрда. Мисол сифатида улар Россия Мудофаа вазирлигининг Украина Днестрбўйини босиб олишни режалаштираётгани ҳақидаги баёнотини келтирди.
Кирбининг айтишича, АҚШ Россиянинг Молдова бўйича режалари билан боғлиқ мавжуд разведка маълумотларини ошкор қилишни режалаштирмоқда. Шу тариқа Вашингтон Россияни бу йўналишда янада кучайишидан тиймоқчи.
Байден маъмурияти расмийси Қўшма Штатлар Молдова ҳукуматини қўллаб-қувватлашда давом этишини айтди.
Изоҳ (0)