Америкалик миллиардер Илон Маск ва унинг Tesla компанияси устидан акциядорлар судга даъво аризаси берди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Даъвогарлар Маскни роботакси имкониятларини бўрттириб кўрсатишда, акциялар қийматини ошириш учун техник муаммолар ҳақида сукут сақлаганликда айбламоқда. Жамоавий даъво компаниянинг июнь охирида ўтказган роботаксилар синовидан сўнг қўзғатилган. Синовда автомобиллар тезликни оширгани, кескин тормоз босгани, бордюрдан ошиб ўтгани, нотўғри йўлакка киргани ва йўловчиларни кўп қаторли йўл ўртасида тушириб кетгани қайд этилган.
Синов бошланганидан кейинги икки кунда Tesla акциялари 6,1 фоизга арзонлашган. Компаниянинг бозор қиймати тахминан 68 миллиард долларга камайган.
Акциядорларга кўра, Tesla лидар ва радарларни эътиборсиз қолдириб, фақат камералардан фойдаланишда давом этмоқда, бу эса технология хавфсизлигига оид саволларни келтириб чиқаради. Лидар лазер нурларидан фойдаланиб масофа ва объектларнинг шаклини аниқлаш технологияси ҳисобланади.
Маск аввалроқ 2024 йилда “миллиондан ортиқ” роботакси ишлаб чиқаришни ваъда қилган эди, бироқ бу муддатни 2026 йил охирига сурган. Савдоларнинг пасайиши ва даромаднинг кескин қисқаришига қарамай, Маск оммавий арзон электромобилга зарар етказган ҳолда роботакси ва Optimus роботига эътибор қаратишда давом этмоқда.
Изоҳ (0)