“Формула-1” Бред Питтнинг бутун карьерасидаги энг кўп даромад келтирган фильмга айланди. У беш ҳафта ичида 545,6 миллион доллар йиғди.

Бунгача Питтнинг энг кассабоп фильми 2013 йилда чиққан “З дунё уруши” бўлиб, у 12 йил давомида умумий 540 миллион доллар даромад келтирган эди.
“Формула-1” реал воқеаларга асосланган драма ва спорт жанридаги фильм. Бунда автомобиль пойгалари, спортдаги рақобат, шунингдек, ҳаётдаги қийинчиликлар ва шахсий курашлар асосий мавзу қилиб олинган.
Фильмда Бред Питт асосий қаҳрамон — таниқли Формула-1 жамоаси раҳбари ролини ижро этади. У ўз жамоасини қийин пайтларда бошқаради, катта босим ва рақобатга қарши курашади. Фильмда пойга саҳналари билан бирга спорт оламининг ички сир ва мураккабликлари, шунингдек, инсоний муносабатлар ҳам яхши акс эттирилган.
“Формула-1” Apple TV+ платформасининг ҳам энг кўп даромад олган фильми бўлди. Фильм йиғган маблағ Ридли Скоттнинг “Наполеон” (221 миллион доллар) ва Мартин Скорсезенинг “Гулли Ой қотиллари” (158 миллион доллар) фильми даромадларидан деярли икки баравар кўп бўлди.
Apple кино муваффақияти туфайли фильмнинг давомини суратга олишни режалаштирмоқда. Variety нашрининг хабар беришича, фильм режиссёри Жозеф Косински аллақачон кейинги қисмни яратиш ғоясини илгари сурган, унда Питт билан бирга экранда Том Круз ҳам пайдо бўлади.
Изоҳ (0)