Ҳиндистон полицияси Ўзбекистонда 19 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” сиропини ишалб чиқарган Мarian Biotech фармасевтика компаниясининг уч ходимини ҳибсга олди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Ҳибсга олиш Ҳиндистон ҳукумати лабораторияси томонидан ўтказилган синовлар натижасида Marion Biotech Pvt. Ltd (Уттар-Прадеш, Ҳиндистон) компаниясининг 22 та дори намунаси “бузилган ва қалбаки” экани аниқланганидан сўнг амалга ошган. Мarion компаниясининг операциялар бўлими бошлиғи ва икки кимёгари декабрда компанияни уч марта ва январда бир марта текширган Марказий дориларни стандарт назорат қилиш ташкилоти (CDСCО) инспектори шикояти асосида ҳибсга олган.
“Қалбаки дори воситалари жамиятга жиддий зарар етказиши мумкин ва улар билан боғлиқ маълумотлар, ёзувлар йўқ қилиниши мумкинлиги гумон қилинмоқда”, — дейди CDСCO'нинг дорилар инспектори Aшиш Каундал ўз шикоятида.
Полициянинг юқори мартабали зобити Marion'нинг икки нафар директори “мамлакатдан ташқарида ва улар Ҳиндистонга қўниши биланоқ ҳибсга олинишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш ортидан ҳозирча Самарқандда 18 нафар, Қашқадарёда бир нафар, жами 19 нафар бола вафот этгани маълум қилинган.
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан “Док-1 Макс” препарати билан боғлиқ ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ўзбекистонда “Док-1 Макс”ни ишлаб чиқарган компанияга тегишли барча дорилар савдоси вақтинча тўхтатилди.
Шавкат Мирзиёев 30 декабрдаги йиғилишда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбари Сардор Кариев ишдан олди. Сардор Кариев 2019 йилнинг февралидан буён Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори лавозимида фаолият юритиб келаётганди.
ЖССТ Ўзбекистонда “Док-1 Макс” дорисидан болалар ўлгани юзасидан муносабат билдирган. Ҳиндистон ҳукумати эса “Док-1 Макс” дорисини ишлаб чиқарувчи компаниянинг лицензиясини тўхтатган. Ҳиндистонда “Док-1 Макс” дорисини ишлаб чиқарган завод устидан текширувнинг дастлабки натижалари эълон қилинган.
Сироп билан боғлиқ ўлим ҳолати бошқа давлатларда ҳам аниқлангани маълум бўлди, бироқ улар айнан қайси препаратлар оқибатида экани айтилмаган. Жумладан, Индонезияда 2022 йилдан бери 200 га яқин бола сироп истеъмол қилиши ортидан юзага келган ўткир буйрак шикастланишидан вафот этган. Гамбияда ҳам болалар Ҳиндистон фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган йўталга қарши сиропни истеъмол қилиши ортидан ўлган.