Минск суди Беларуснинг “Вясна” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази раиси Алес Беляцкийни 10 йилга қаттиқ режимли колонияга ҳукм қилди. Бу ҳақда марказга таяниб, Meduza хабар бермоқда.
Беляцкий ва бошқа айбланувчилар — “Вясна” раиси ўринбосари Валентин Стефанович, марказ адвокати ва “Эркин сайловлар учун инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари” кампанияси координатори Владимир Лабкович, “Вясна”нинг ҳуқуқ ҳимоячиси Дмитрий Соловёв — нақд пул контрабандаси ва намойишларни молиялаштиришда айбдор деб топилди.
Стефановичга тўққиз йиллик, Лабкович эса етти йиллик колония тайинланди. Соловёв сиртдан айбдор деб топилди, унга саккиз йиллик қамоқ жазоси берилди.
Белацкий, Стефанович ва Лабкович 2021 йил июль ойида ҳибсга олинган. Аввалига уларни солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айблашди, кейин эса бу иш тўхтатилди ва ҳуқуқ ҳимоячиларига янги айблов қўйилди. Тергов маълумотларига кўра, 2016—2021 йилларда улар Литвадан Беларусга камида 201 минг евро ва 54 минг доллар олиб ўтишган, шунингдек, 2020—2021 йилларда Беларусдаги норозилик намойишларини молиялаштирган. Молиялаштириш, хусусан, жарималарни тўлаш, адвокатларга иш ҳақи ва норозилик намойишлари туфайли ҳибсга олинганлар учун ҳибсхоналардаги озиқ-овқатга пул тўлаш кабиларни назарда тутади.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган. Қораловчи томон улар учун 9 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилишни сўраган.
2011 йилда Алес Беляцкий солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланиб, тўрт ярим йилга қамалганди. Тергов “Вясна”нинг одамларга ёрдам бериш учун сарфлаган пулларини, Беляцкийнинг солиқ тўламаган шахсий даромади сифатида кўриб чиққан. Ҳуқуқ ҳимоячиси 2014 йилда озодликка чиққан.
2022 йил октябрь ойида Алес Беляцкий Россиянинг “Memorial” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва Украинанинг “Фуқаролик эркинликлари маркази” ташкилоти билан биргаликда тинчлик учун Нобел мукофотини олди.
“Вясна” — Беларусдаги энг йирик инсон ҳуқуқлари ташкилоти. 2020 йилги сайловлар ва норозилик намойишларидан кейин “Вясна” хавфсизлик кучлари томонидан ҳуқуқбузарлик фактларини ҳужжатлаштирди, маҳбуслар ва қийноқ қурбонларига ёрдам берди. Ташкилот Беларусда давом этаётган 2020 йил билан боғлиқ сиёсий ишларни кузатиб боради.