Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги кўпқаватли уй ертўласи ўзбошимчалик билан ўзгартирилгани аниқланди. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси хабар берди.
Қайд этилишича, инспекция томонидан аҳоли мурожаатларига асосан кўпқаватли уйларда ноқонуний қурилмаларни аниқлаш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўриш ишлари ўтказилмоқда.
Хусусан, Шайхонтоҳур тумани, Лабзак даҳаси, 1-а уйнинг ертўласи текширилганда, тегишли талабларни бузган ҳолатда ўзгартирилгани аниқланган. Фуқаро лойиҳа ҳужжатларидан четга чиққан ҳолда бинонинг таянч деворлари ҳамда коммуникация тармоқлари жойлашувини ўзгартирган.
Инспекция томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 15 кун муддатда бинони ўз ҳолига қайтариш бўйича топшириқ берилган.
Аввалроқ Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида фуқаролар 10 қаватли уй томига уй қуриб олгани аниқланганди. Мазкур уйга хизмат кўрсатувчи бошқарув ташкилотларининг бир неча бор огоҳлантиришлари ҳам мулкдорларни ушбу фикрдан қайтармаган. Мулкдорларга нисбатан маъмурий чора кўрилиб, ноқонуний қурилмаларни 15 кун ичида бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилган.
Изоҳ (0)