Кўп қаватли уйлар ичидаги таянч тўсиқларни бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача бўлган миқдорда жарима қўлланилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги инспекцияси бошлиғи Азларжон Содиқов «Дарё» мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.
Азларжон Содиқовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда кўп қаватли уйларда қурилиш қилишнинг қонуний тартиблари бўлса-да, унга кўп фуқаролар амал қилмайди.
«Бугунги кунда республикамизда 40 мингтага яқин кўп қаватли уйлар бор. Инспекция томонидан уларда тўлиқ хатлов ўтказилди ва натижалар таҳлил қилинди. Аниқланишича, мазкур кўп квартирали уйларда 60 мингтадан зиёд ноқонуний қурилмалар мавжуд. Бу ҳам бўлса, хонадонларга кириб бора олганимиз, атрофни ўрганганимиз ва бор меҳнат ресрусимиздан келиб чиқиб аниқланган кўрсатгич.
Ноқонуний қурилмалар нималардан иборат? Мисол учун, кўп квартирали уйнинг 1 - қаватида қўшимча қурилиш қилиш, яъни балконни янада ташқарига чиқариш, ертўладан ташқари томондан эшик очиш, ‘подъезд’ларни ўраб олиниши, том қисмларига тасдиқланмаган ҳужжатларсиз қурилмалар қуриш, ертўлалардан тартибсиз фойдаланиш кабилар ноқонуний қурилмалар ҳисобланади.
Бундан ташқари, жуда кўп кузатиладиган муаммо – уйнинг ичига ноқонуний қурилмалар қуриш ҳолатларидир. Масалан, аксарият фуқаролар ошхонани балконга кўчиради. Албатта, бу ноқонуний ҳисобланади. Яна кимдир деворни олиб ташлаб зални балкон билан улаб юборади. Бу ҳам қонунга ҳилоф қурилишдир. Айтиш керакки, бундай қурилишларнинг барчасини ҳужжатларни расмийлаштирган, хавфсизлигига ишонч ҳосил қилган ҳолда, лойиҳа доирасида ва лойиҳанинг тегишли мутасаддиларидан тасдиқлатиб амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлади. Қонунчиликда бундай уйларни реконструция қилишнинг ўз тартиблари бор. Унга амал қилган ҳолда ишни ташкил этиш лозим», – деди вазирлик вакили.
Азларжон Содиқовнинг қўшимча қилишича, уйнинг ичидаги таянч тўсиқларни бузиш кечирилмас ҳолат ҳисобланади.
«Бундай ҳолатга йўл қўйилгани учун уйнинг эгаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача бўлган миқдорда жаримага тортилади. Бу ҳам уйни ўз ҳолига қайтарилиши ва янада мустаҳкамланиши шарти билан амалга оширилади», – деди у.
Аввалроқ Сенатда кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштирилиш бўйича қонун кўриб чиқилгани хабар қилинганди.