Украина Россия устидан урушда ғалаба қозонса, НАТОга аъзо бўлади. Алянс бош котиби Енс Столтенберг бу ҳақда маълумот берди.
“Украина бўйича НАТОнинг позицияси ўзгармади: Украина алянсга аъзо бўлади. Аммо Киевнинг асосий вазифаси урушда ғалабани таъминлаши керак”, — деди Столтенберг.
Сиёсатчи НАТО давлатлари Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишда ёрдам бериши кераклигини айтди. Столтенберг алянсга фақат суверен ва мустақил давлат кириши мумкинлигини таъкидлади. У шу сабабдан мамлакатни НАТОга қабул қилишнинг ягона йўли Россия устидан ғалаба қозониш эканини билдирди.
Алянс бош котиби ҳозирда Украинани Россия ҳарбийларини “қувиб чиқариш” учун зарур бўлган барча турдаги қурол-яроғлар билан таъминлаш муҳимлигини қайд этди. Бундан ташқари, Столтенберг НАТО давлатлари аллақачон совет давридаги қуроллар, доктриналар ва стандартлардан алянс стандартларига ўтиш учун Украина билан ҳамкорлик қилаётганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, 14 февраль куни Украина мудофаа вазири Алексей Резников НАТО бош котиби Енс Столтенберг билан учрашувдан сўнг 2022 йили Украина ҳақиқатда Шимолий Атлантика алянсига аъзо бўлгани ва Мудофаа вазирлиги буни қонуний тасдиқлаш учун ҳамма нарсани қилаётганини айтганди.
Бундан ташқари, 13 февраль куни НАТО бош котиби ўринбосари Мирча Жоане Берлинда бўлиб ўтган Мюнхен хавфсизлик конференциясида Россия НАТО давлатлари билан тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка киришни истамаслигини айтганди.
Изоҳ (0)