Минск агар Беларусга қарши тажовуз содир этилсагина ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга тайёр. Бу ҳақда 16 февраль куни республика президенти Александр Лукашенко журналистлар билан учрашувда айтиб ўтди.
“Мен ҳозирча фақат бир ҳолатда россияликлар билан бирга Беларусь ҳудудидан туриб жанг қилишга тайёрман: агар у ердан (Украинадан) бир нафар бўлса ҳам аскар менинг халқимни ўлдириш учун Беларусь ҳудудига қадам босса. Агар улар Беларусга қарши тажовуз қилса, жавоб энг оғир бўлади, уруш эса бутунлай бошқача тус олади”, — деди Лукашенко.
Унинг аниқлик киритишича, бу шарт нафақат Украинага, балки “бошқа қўшниларга” ҳам тегишли.
Шунингдек, Лукашенко эртага, 17 февраль куни Путин билан учрашишини маълум қилди.
Беларусь Россиянинг Украинадаги босқинига тўғридан тўғри иштирок этмаяпти, Беларусь армияси Украина ҳудудига кирмаган. Урушни тадқиқ қилиш институти (ISW) таҳлилчилари хулосасига кўра, Александр Лукашенко, катта эҳтимол билан, Россия президенти Владимир Путиннинг Украинадаги урушда қатнашиш таклифини рад этган.
Ўз навбатида, Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа хизмати котиби Алексей Даниловнинг фикрича, Путин Лукашенкога босим ўтказиб, унинг Беларусь қўшинларини Украинага қарши урушга юборишга имкон беришига эришмоқчи бўлган, бироқ Минск уруш қилишни истамаган.
Изоҳ (0)