Хитой шарқидаги Шандун провинцияси қирғоғида номаълум учар жисм аниқланди. Бу ҳақда Global Times хабар берди.
Маълум қилинишича, Хитойнинг “тегишли идоралари” уни уриб туширган бўлиши мумкин. Қирғоқдаги балиқчиларга номаълум объект ҳақида огоҳлантириш юборилган. Унда номаълум учар жисм “уриб туширишга тайёрланаётгани” таъкидланган.
Шу сабабли маҳаллий балиқчилардан “хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш”, шунингдек, номаълум жисм балиқчилар қайиғи яқинига тушиб қолган тақдирда уларни суратга олиш сўралган. Айни дамда гап қандай номаълум учар объект ҳақида кетаётгани ҳақида расмий маълумот йўқ.
Аввалроқ АҚШ ҳарбийлари мамлакат осмонидаги учиб юрган разведкачи ҳаво шарини кузатганди. Ҳарбийлар ҳаво шарини уриб тушириш ниятида эмаслиги, чунки у фуқаро авиацияси учун хавф туғдирмаслигини маълум қилган. Америка расмийлари ҳолат юзасидан Хитой ҳукумати билан “Вашингтон ва Пекиндаги бир нечта каналлар орқали” алоқага чиққан.
Хитой АҚШ осмонидаги “разведкачи ҳаво шари” уларга тегишли эканини маълум қилган. Шундан сўнг АҚШ Шимолий қўмондонлигининг қирувчи самолётлари Хитой шарини уриб туширган. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги “АҚШнинг фуқаролик учувчисиз учар шарга ҳужум учун куч ишлатганидан” норозилик билдирган.
Ҳодисадан бир ҳафта ўтиб, 11 февраль оқшомида Шимолий Америка аэрокосмик мудофаа бирлашган қўмондонлиги Канада ҳаво ҳудудида номаълум учар аппаратни уриб туширди. Объект АҚШ—Канада чегарасидан тахминан 160 километр узоқликка тушган.
Изоҳ (0)