9 февраль санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан гранатомёт зарбидан омон қолган Грузия президенти Шеварднадзе, коммунистларга қарши ов бошлаган Маккарти ҳамда Иркуцкда ҳалокатга учраган “Ту-104” оид фактлар ўрин олган.
Гранатомёт зарбидан омон қолган Грузия президенти Шеварднадзе
1998 йил 9 февраль куни “оқ тулки” лақабини олган Грузия президенти Эдуард Шеварднадзега нисбатан иккинчи маротаба суиқасд уюштирилган эди. Шу куни у шахсий соқчилари ва махсус кучлар ҳамроҳлигида Крсанисидаги қароригоҳига қайтаётган бўлган.
Бўлажак давлат арбоби 1928 йил 25 январь куни Грузияда рус тили ўқитувчиси оиласида дунёга келган ва 10 ёшидан бошлаб почтальон бўлиб ишлаган. 1937 йилда Шеварднадзенинг отасини ҳибсга олмоқчи бўлишади. Маҳаллий НKВДда хизмат қилган собиқ ўқувчиси уни огоҳлантириб қўйгани боис, отаси бир неча ой яшириниб юрган. Акаси Акакий бўлса, Брест қалъасини ҳимоя қилишда ҳалок бўлганди.
Эдуард тиббиёт техникумини аълога тамомлагани сабаб институтга имтиҳонсиз кириш имкониятини қўлга киритганди, бироқ унга “Комсомол” ташкилоти котиблигини таклифи келиб тушади ва у сиёсий карерани танлайди. Ёш, ғайратли, яхши нотиқ бўлган Эдуард лавозимларда кўтарилиб, 25 ёшида Кутаиси шаҳри “Комсомоли” биринчи котибига айланган.
Хрушчёвнинг ХХ чақириқдаги ҳисоботидан кейин Тбилиси ёшлари Сталинни қоралашга қарши чиқади ва оммавий тартибсизликлар уюштиради. Бу вақт Кутаисида вазият нисбатан тинч эди. Мазкур ҳолатда Шеварднадзенинг хизмати қанчалик бўлгани номаълум, аммо у кейинги йил республика “Комсомоли” раҳбарига айланган.
1968 йилда биринчи котибликдан у республика ички ишлар вазири лавозимига тайинланган. Ёзилмаган қоидаларга кўра, мазкур лавозимдан кейин ўсиш деярли йўқ эди. Партиядан милициядаги генералликка ўтиш мумкин, аммо ортга йўл бўлмасди. Шеварднадзе максимум иттифоқ вазирлари ўринбосарига айланиши мумкин эди. Бироқ вазият унинг фойдасига ишлай бошлайди.
Шеварднадзе вазир лавозимида ўзининг самарали бошқарувчи эканини кўрсатиб берган ва пора олмаган. Шу боис 44 ёшида Эдуард республика партия ташкилоти раҳбарилигини қўлга киритган. Янги етакчининг дастлабки 5 йиллик бошқаруви давомида 30 минг киши коррупция учун жазога тортилган, яна 40 минг одам лавозимидан айрилган.
1970 йилда Грузия раҳбари Ставрапол ўлкаси партиясининг биринчи котиби Михаил Горбачёв билан яхши чиқишиб қолган. Горбачёв ҳокимиятга келганидан 2,5 ой ўтиб у Шеварднадзени Москвага чақирган ва унга ташқи ишлар вазири лавозимини таклиф этган. Ташқи сиёсат борасида тажрибаси бўлмаган ва бирор хориж тилини билмаган инсоннинг мазкур лавозимга тайинланиши нафақат мамлакатни, балки бутун дунёни ҳайратга солганди.
СССР тарқалгач, 63 ёшли собиқ вазирни тинч ва таъминланган ҳаёт кутар эди. Бироқ 1992 йил мартда ҳокимиятдан четлатилган Звиад Гамсахурдиа ўрнига грузин сиёсатчилар Шеварднадзени таклиф қилади ва у рози бўлади. Шеварднадзенинг президентлик лавозимидаги фаолияти шундан кейин бошланган...
Шу куни Шеварднадзе соқчиларининг бошлиғи билан зирҳланган Mercedes-Benzъда қайтаётган эди (кортежда жами 9 та автомобиль бўлган). Маҳаллий вақт билан соат 23:00 ларда президент кортежи шаҳар марказидаги скверга яқинлашганида ўқ овози эшитилган.
Гранатомётдан узилган снаряд кортежнинг ичида соқчилар бўлган бош машинасига теккан. Биринчи машина билан тўқнашувга қочишга уринган Шеварднадзенинг автомобили ўқотар қуроллар ва пулемётлардан узилган ўқлар домида қолган. Гранатомётдан отилган иккинчи ўқ асосий автомобилнинг капот қисмига келиб тегади. Зарба кучидан Mercedes-Benz бурилиб кетган, аммо ҳайдовчи машинани тўғирлаб олишга ва яна 200 метр юришга муваффақ бўлган (ҳужум зонасидан чиқиб кетган).
Mercedes-Benz тўхтаган пайт сал нарироқда Гарик Симонян исмли полициячи “Жигули”сида бўлган. Талафот кўрган Mercedes’дан президент соқчилари бошлиғи отилиб чиқиб, Шеварднадзени туширган. Президент “Жигули”га ўтқизилган ва катта тезликда қароргоҳ томон ҳаракатланган.
Маълумотларга кўра, Шеварднадзега уюштирилган ҳужумда автомат, пулемёт ва гранатомётлар билан қуролланган 15-20 нафар қўпорувчи иштирок этган. Отишма давомида Шевараднадзенинг икки нафар тансоқчиси ҳалок бўлган, жиноятчилардан бири эса ўлдирилган.
Эътиборли жиҳати, Грузия куч тузилмалари вакиллари зудлик билан барча йўлларни ёпишган бўлса-да, қўпорувчилардан бирортаси қўлга олинмаган. Суиқасд давомида Шеварднадзега зарар етмаган (унинг сиёсий рақибларига кўра, шу куни президент машинада бўлмаган, суиқасд атайлаб ташкил этилган).
Мазкур ҳодисадан кейин Mercedes-Benz компанияси Грузия президентига ўзларининг зирҳли автомобилини яхши реклама қилиб беришгани учун янги С600 совға қилган.
Коммунистларга қарши ов бошлаган Маккарти
1950 йил 9 февраль куни Висконсин штатидан сайланган сенатор Жозеф Маккарти Уилинг шаҳрида Линкольн шарафига ўтказилган кечада нутқ сўзлаганди. Маккарти мамлакатда у қадар машҳур бўлмаган, аммо унинг мазкур нутқи АҚШда коммунизмга қарши “салб юришини” бошлаб берган.
“Аммо энг муҳими Маркс томонидан яратилган, Ленин томонидан фаол тарғиб қилинган ва Сталин уни ақл бовар қилмас кўламда ёйган асосий фарқ “ахлоқсизлик дини”да. Ушбу “ахлоқсизлик дини” агарда қизиллар юца — бунинг эҳтимоли мавжуд — бу дин инсониятга ҳар қандай иқтисодий ёки сиёсий тизимдан кўра кўпроқ зарар келтиради”, — деганди Маккарти.
Сенатор олти йил ичида коммунистлар қаторига 620 миллион киши қўшилганини таъкидлаган ва ўша вақтда СССР тарафдорлари дунё бўйлаб 800 миллион кишини ташкил этган. Сиёсатчига кўра, ушбу рақамлар Вашингтонни “совуқ уруш” вақтида мағлубият томон етаклаган. Маккати бу борадаги айбни Совет Иттифоқига эмас, балки пулга сотилган “хоинларга” тўнкаган.
“Хонимлар ва жаноблар, айни вақтда уруш кетмаяпти деган гапни айта оладиган бирор сўқир борми? Коммунистик дунё “вақт келди” деганини тушунмаётган кимдир борми? Бу демократик насроний ва коммунистик атеистик дунёнинг қудратини намойиш қилиш вақти эмасми? Агарда бу фактни англаб етмаса, узоқ вақт сўқир бўлган барча каби улкан товонни тўлаймиз”, — дея таъкидлаган Маккарти.
Сенатор умумий гап-сўзлар билан чекланмай, аниқ айбловларга ўтган ва у АҚШ Давлат департаменти ходимларига ҳам тегиб кетганди.
“Қўлимда 205 кишилик рўйхат бор. Ундаги фамилиялар давлат котибига маълум бўлганидек, коммунистик партия аъзолари бўлиш билан бирга, ташқи сиёсатимизда ишлашни ва уни шакллантиришда фаолиятини давом этмоқда”, — деган у.
Шундай қилиб АҚШда антикоммунизмнинг иккинчи тўлқини бошлаган. Сенаторнинг нутқини Америкадаги деярли барча ОАВлар ёритиб, Қўшма Штатлар фуқароларига ваҳима солган. Вазиятни прокатга чиққан “қизил жосуслик” ҳақидаги фильмлар янада мураккаблаштирган.
Gallup социологик хизмати маълумотларига кўра, сенатор Маккарти нутқидан кейин антикоммунизм ғоялари АҚШнинг аҳолисининг ярмига таъсир кўрсатган. Сиёсатчининг ўзи энг таъсир доирага кучли шахслардан бирига айланган. 1950 йил сиёсий таъқиблар йилига айланиб, у “маккартизм” номини олган.
Сиёсатчининг рўйхатидан тез орада 3 минг нафар америкалик сиёсий арбоблар ўрин олган. Бутун мамлакат бўйлаб кадрларни тозалаш ишлари бошланган, 800 га яқин одам давлат хизматидан четлатилган, яна 600 нафари ўз хоҳишига кўра, ишдан бўшатилган. Истеъфолар тўлқини таълим ҳамда хусусий компанияларга ҳам таъсир кўрсатмай қолмаган. General Electric корпорацияси масалан, коммунистик ғояларни қўллаб-қувватловчи барча ходимларини ишдан бўшатган. Кутубхоналар ва китоб дўконларидан коммунизмга мойилликда гумонланган барча муаллифларнинг китоблари олиб ташланган.
Орадан бир неча йил ўтгач, Маккарти республикачи Дуайт Эйзенхауэрни президентлик сайловларида қўллаб-қувватлаган. Эйзенхауэр ғалаба қозонган, сенатор эса 1953 йилда АҚШ Сенатининг тергов бўйича доимий қўмитаси раҳбарига айланган ва кузатувлар сериясини ташкиллаштирган. Ушбу йил, экспертларнинг баҳолашича, маккартизмнинг “олтин даври” бўлган.
1954 йилда таниқли телебошловчилардан бири Эд Марроу CBS телеканалидаги кўрсатувида Жозеф Маккартини америкаликларнинг фуқаролик ҳуқуқларини бузишда айблаган. Сенатор унга жавобан журналистнинг ўзи коммунист эканини айтган. Уларнинг қарама-қаршилиги оммавий мунозара билан якунланган ва кўпчиликнинг фикрича, Маккарти унда ютқазган. Сиёсатчи ўз позициясини йўқотишни бошлаган.
1954 йил 2 декабрь куни Сенат сенаторнинг хатти-ҳаракатини қоралаган ва уни тергов қўмитаси раислигидан ечиш бўйича қарор қабул қилган. Орадан уч йил ўтгач, Маккарти вафот этган.
Иркуцкда “Ту-104” ҳалокати
Бундан 43 йил олдин СССР осмонида “Ту-104” ҳамда “Ту-154” самолётлари бир-бири билан тўқнашиб кетганди. “Ту-104” ҳаво кемаси ҳамда унинг йўловчилари учун парвоз ҳалокатли бўлган. Ушбу ҳалокат советларнинг энг биринчи турбореактив йўловчи самолётларидан бирининг фойдаланишдан чиқарилишига сабаб бўлганди.
1956 йили Омскда дунёдаги энг биринчи серияли реактив лайнерлардан бири ишлаб чиқарилган. 42327 рақамини олган борт бир нечта жаҳон рекордини ўрнатган ва хизматга юборилган — Узоқ Шарқдан Москвага рейсларни амалга оширган.
“Ту-104А” мунтазам фойдаланиладиган реактив йўловчи самолётлар орасида биринчилардан эди. Албатта, унинг минглаб камчиликлар бўлган ва улар кейинги авиалайнерлар моделларида бартараф этилган. Аммо 1956 йилда самолётнинг фюзеляжига яқин турбодвигатель ғояси ҳали ҳам дизайнерлар учун ишончли ва истиқболли бўлиб туюлган.
1976 йилда озгина ортиқча юк ва бортдаги “қуёнлар” Иркустк осмонидаги ҳалокатнинг сабабларидан бирига айланган. Шундай қилиб, Иркустдан Ленинградга учган 3739 рейси икки марта ёнилғи қуйиш учун тўхтатиши керак эди — Новосибирск ва Свердловскда. У вақтда самолётлар бу каби узоқ масофага тўхташсиз парвозларни амалга ошира олмаган ва улар учун қўшимча аэродромлар талаб этилган.
Аммо 1976 йил 9 февраль куни “Ту-104А” самолёти рейсини бошлашга улгурмаган. Бортида ҳисобдан кўра беш нафар ортиқча йўловчи бўлган, қўлида чиптаси бор тўрт йўловчига жой етмагани сабаб уларнинг икки нафари самолёт вестибюлига, яна икки нафари ҳожатхонага жойлаштирилган, бир нафар йўловчи — бортрадистнинг ўғли эса учувчилар кабинасига ўтқизилган.
Маҳаллий вақт билан соат 08:00 да самолёт парвозга киришган, аммо дарҳол ўнгга оғишни бошлаган. Шу вақтда учиш-қўниш йўлагида КХДРга тегишли “Ту-154”нинг учувчилар экипажи манёврни амалга ошираётганди. Юзлаб инсонлар умрига зомин бўладиган кенг кўламли ҳалокатдан “Ту-154” қўнишни амалга ошираётгани ва унинг двигатели ҳали ўчирилмагани қутқариб қолган.
“Ту-104А” деярли бошқарувсиз ҳолатда экани ва қулаши аниқлигини пайқаган “Ту-154” учувчиси 2-двигателни парвоз режимига келтириб, машинани ҳалокат зонасидан олиб чиққан. “Ту-104” самолёти ерга ўнг қаноти билан қулаб, ҳалокатга учраган. Ундан учган кўплаб темир бўлаклари нариги самолётнинг фюзеляжига шикаст етказган бўлса-да, Шимолий Корея самолётидаги бирор йўловчи жароҳат олмаган.
Ленинградга йўл олган “Ту-104А” самолётидаги 99 нафар йўловчининг саккиз нафари ҳамда экипажнинг етти аъзоси ҳодиса жойида ҳалок бўлган. Шунингдек, шифохонада яна икки экипаж аъзоси ва етти йўловчи вафот этган. Шундай қилиб, 24 киши ўз манзилига етиб бора олмаган.
Изоҳ (0)