Буюк Британия ҳукумати Украинага ҳарбий техника етказиб беришни тезлаштиради, бу ҳаракат қуролларнинг фронтга бир неча ой ёки йиллар ичида эмас, бир неча ҳафта ичида етказилишини таъминлайди. Бу ҳақда Британия бош вазири Риши Сунак Украина президенти Владимир Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади BBC News.
Сунакнинг сўзларига кўра, Британиянинг Challenger 2 танклари март ойида Украинага етиб боради. Бош вазирнинг таъкидлашича, ўтган ҳафта Буюк Британияга машғулотлар учун келган 10 минг украиналик ҳарбий “келгуси ойдаёқ” Украина ҳудудини ҳимоя қилиш учун Challenger 2 танкларидан фойдаланишни бошлайди.
Матбуот анжумани олдидан Сунак ва Зеленский украиналик ҳарбийлар тайёрланаётган Англия жанубидаги Дорсет шаҳридаги ҳарбий базага ташриф буюришди.
Аввалроқ бош вазир матбуот хизмати Буюк Британия Украинага қирувчи самолётларни ҳам топшириш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берганди. Британия бош вазири мамлакат Мудофаа вазирлиги раҳбари Бен Уоллесдан Буюк Британия Украинага қайси турдаги самолётларни етказиб бера олишини аниқлаштиришни сўраган. Шу билан бирга, Сунакнинг таъкидлашича, етказиб бериш бўйича қарор ҳали якуний эмас, бироқ Британия расмийлари бундай имкониятни “фаол кўриб чиқмоқда”.
Владимир Зеленский Буюк Британияга 8 февраль куни учиб келди. У қирол Чарльз III билан учрашув ўтказди ва Британия парламентида нутқ сўзлади. Бу унинг Россиянинг Украинага кенг миқёсли босқини бошланганидан бери иккинчи хорижий ташрифи бўлди. 2022 йил декабрь ойида у АҚШга ташриф буюрганди. Буюк Британиядан кейин Зеленский 8 февраль куни кечқурун Францияга ташриф буюради. Шунингдек, у 9 февраль куни Брюсселда Европа парламентининг навбатдан ташқари сессиясида нутқ сўзлайди. У Европа Иттифоқи етакчилари саммитига ҳам таклиф қилинган.
Изоҳ (0)