Британиянинг глобал яхтачилик саноатидаги воқеаларни ёритувчи Yachting Pages нашри Хорватияда Irina VU яхтасининг ғойиб бўлиши билан боғлиқ хабарларни саҳифасидан ўчириб ташлади.
Оммавий ахборот воситаларида мазкур яхта 2021 йили Хорватияда ҳибсга олингани ва октябрь ойида Муртер оролидаги Бетина портидан сездирмай сузиб кетгани хабар қилинган. Yachting Pages ўз мақоласида яхта Алишер Усмонов ва унинг собиқ рафиқаси, Бутунроссия бадиий гимнастика федерацияси президенти Ирина Винер Усмонова билан боғлиқ тузилмаларга тегишли эканини тахмин қилган.
Ўз навбатида, Усмоновнинг вакили тадбиркор «Хорватия матбуотида тилга олинган Irina VU яхтасига эгалик қилмаслиги ва унинг Бетина портидан ғойиб бўлиши билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини» айтган. Усмонов рафиқаси билан 2022 йилнинг ёзида ажрашгани эслатиб ўтилган.
Шундан сўнг Yachting Pages хабарларини қайтариб олган ва «яхта Алишер Усмоновга тегишли экани ва ... у олигарх эканини» рад этган. Шунингдек, нашр «ноаниқликка йўл қўйгани» учун узр сўраган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Алишер Усмонов адвокатлари немис матбуотидаги ўзига нисбатан айбловлар илгари сурилган мақолалар бўйича раддия берилишига эришди. Бундан ташқари, улар Мюнхен прокуратурасини ўз веб-сайтидан Усмоновга нисбатан ишончсиз айбловлар тарқатилган пресс-релизни олиб ташлашга ҳам муваффақ бўлди.
Изоҳ (0)