«Толибон» вакилларининг Twitter аккаунтларидаги верификация белгилари («кўк галочка») олиб ташланди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Маълум қилинишича, «Толибон»нинг камида икки амалдори — ахборот олиш бўлими бошлиғи Ҳидаятуллоҳ Ҳидоят ва ОАВ назорати бўлими раҳбари Абдулҳақ Ҳаммад верификация белгисини олган. Уларнинг Twitter’да мос равишда 187 000 ва 170 000 аъзоси бор. Афғонистон расмийларининг аккаунтида 16 январь куни «кўк галочка» қайд этилган.
Ўша куни собиқ «Толибон» расмийси Twitter’нинг эгаси Илон Маскни мақтаб, «Twitter’ни яна ажойиб қилиб қўяётганини» қайд этган. Бу кўплаб фойдаланувчиларнинг норозилигига сабаб бўлган. Ҳодисадан бир кун ўтиб, 17 январь куни «Толибон»дан тасдиқлаш белгиси олиб ташланган. Бироқ уларни ижтимоий тармоқ ёки эгаларининг ўзлари олиб ташлаганми, аниқ эмас.
Бундай ҳолат «Толибон» генералининг аккаунти билан ҳам юз берган, у миллиардер Илон Маск Афғонистонда туғилганини айтганидан кейин «кўк галочка» ғойиб бўлган.
Илон Маск Twitter’ни сотиб олганидан сўнг, ижтимоий тармоқда исталган фойдаланувчи Twitter Blue хизмати орқали «галочка» харид қилиши мумкин. Унинг нархи ойига 8 доллар бўлиб, Apple фойдаланувчилари қўшимча 11 доллар тўлайди.
Twitter Blue пайдо бўлишидан олдин «Толибон» расмий аккаунтларининг ҳеч бирида «кўк галочка» бўлмаган. «Толибон» расмийлари Twitter’нинг фаол фойдаланувчилари бўлиб, ундан муҳим хабарларни тарқатиш учун фойдаланади.
Изоҳ (0)