Япониянинг Toyota Моtor концерни кетма-кет учинчи йил сотилган янги автомобиллар сони бўйича жаҳон автомобиль ишлаб чиқарувчилари орасида етакчиликни сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Toyota’нинг асосий рақобатчиси Германиянинг Volkswagen Group корпорацияси статистик маълумотларига кўра, у 2022 йилнинг 12 ойида бутун дунё бўйлаб 8,26 миллион дона автомобиль сотди, бу ўтган йилгидан 7 фоизга кам.
Toyota Моtor ҳали бутун йил учун маълумотларни эълон қилмаган. Аммо январь—ноябрь ойлари учун оралиқ статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, у Toyota гуруҳи ишлаб чиқарувчилари Daihatsu Моtor ва Hino Motors билан биргаликда 9,56 миллион автомобиль сотган. Шу билан бирга, фақат Toyota’нинг ўзи 8,77 миллион автомобиль сотган.
Ўтган йил давомида япон автогиганти маълум бир ойда ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича рекорд кўрсаткичларни бир неча бор қайд этган.
Компания, биринчи навбатда, Шимолий Америкада кучли талабнинг тикланиши туфайли ижобий натижаларни қайд этди. Бунга эҳтиёт қисмлар тақчиллигининг яхшилангани ҳам ижобий таъсир кўрсатди.
Сўнгги йилларда Toyota Моtor ва Volkswagen дунёда автомобиллар савдоси бўйича етакчилик учун курашиб келмоқда.
2020 йилда, тўрт йиллик танаффусдан сўнг, Toyota ушбу кўрсаткич бўйича яна ўз етакчилигини қўлга киритган ва ўшандан бери автомобиль гигантлари ўртасидаги тафовут йил сайин ортиб бормоқда.
Изоҳ (0)