Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги Шимолий Кореядан келган дронларни қайтариш бўйича муваффақиятсиз операциядан сўнг Исроил томонидан ишлаб чиқилган Sky Spotter тизимини сотиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Yonhap агентлиги ҳарбий вазирликдаги манбага таяниб, хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, яқин бир неча ҳафта ичида ҳарбийлар Sky Spotter’нинг КХДР дронларини аниқлаш самарадорлиги ва унинг Жанубий Кореяда ишлатиладиган радарлар ва бошқа кузатув тизимларига қанчалик мос келишини ўрганмоқчи. Ушбу ўрганиш натижасида тизимларни сотиб олиш учун Исроилга расмий сўров бериш-бермаслик тўғрисида қарор қабул қилинади.
Исроилнинг Рафаэл Advanced Defense Systemс компанияси томонидан ишлаб чиқилган Sky Spotter тизими ҳаво нишонларини (жумладан, паст учувчи самолётлар ва дронларни) 1 километрдан бир неча ўнлаб км масофагача аниқлаш учун мўлжалланган.
2022 йил 26 декабрь куни КХДРдан бешта дрон учиб келиб, Жанубий Корея билан чегара чизиғини кесиб ўтган ва улардан бири ҳатто Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлнинг офиси яқинидаги парвозлар тақиқланган ҳудудга ҳам кириб борган. Жанубий Корея ҳарбийлари 100 марта ўт очишига қарамай дронларни уриб тушира олмаган. Кейинроқ ҳарбийлар муваффақиятсизлик учун оммадан узр сўраб чиқди.
Изоҳ (0)