Қирғизистон президенти Садир Жапаров қочоқ президент Қурманбек Бакиевнинг уйи ўрнида очилган болалар реабилитация марказининг очилишида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Марказ 100 ўринга мўлжалланган бўлиб, барча замонавий шароитлар билан фойдаланишга топширилган. Садир Жапаров ўз нутқида Қирғизистон БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилганини таъкидлади.
«Республика ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим, меҳнат ва дам олишини таъминлаш бўйича меъёрларни ҳаётга татбиқ этишга интилмоқда. Барча қирғизистонликларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга ҳаракат қиламиз. Бу борадаги чора-тадбирлар 2026 йилгача бўлган ривожланиш давлат дастурида ҳам ўз ифодасини топган. Реабилитация маркази имконияти чекланган болаларни жисмоний ва руҳий жиҳатдан тиклашга қаратилган», — дейди Қирғизистон президенти.
Собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг уйи 2022 йилнинг июнь ойида бузиб ташланганди.
Бакиев 2005 йилда Қирғизистон республикаси президенти бўлган. У 2010 йилги апрель воқеалари чоғида ағдарилган, кейинчалик оиласи билан мамлакатни тарк этиб, Беларусдан бошпана олган. Беларусь Олий суди Қирғизистон собиқ президент Қурманбек Бакиевни ватанига экстрадиция қилишдан бош тортган.
Изоҳ (0)