Apple компанияси фойдаланувчиларга iPhone ва iPad қурилмаларига бошқа дўконлардан иловаларни ўрнатишга рухсат бериши мумкин, деб хабар бермоқда Bloomberg. Бунгача фақат App Store фирма дўконидан иловаларни юклаб олиб ўрнатиш мумкин эди.
Нашр маълумотларига кўра, янгилик Евроиттифоқнинг яқин ойларда кучга кирадиган «Рақамли бозорлар тўғрисида»ги қонунида кўзда тутилган. Ушбу қонун, хусусан, Apple ва Google каби компаниялар фойдаланувчилар учун қурилмалар асосий созламаларидан фойдаланиш ҳамда бегона иловаларни ўрнатиш имкониятини соддалаштириши кераклигини назарда тутади.
Компаниялар қонуннинг барча талабларини 2024 йилга қадар бажариши шарт бўлмаса-да, Bloomberg маълумотларига кўра, Apple зарур ўзгаришларни 2023 йилдаёқ iOS 17 янгиланмаси доирасида киритиши мумкин.
Ўзгаришлар дастлаб фақат Европа бозорига тааллуқли бўлиши кутилмоқда, бироқ экспертлар фикрича, кейинроқ бошқа мамлакатлар ҳам худди шундай қонунларни қабул қилиши мумкин.
Октябрь охирида Apple Евроиттифоқнинг электрон қурилмалар қувватлаш портларини унификациялаш (бир хиллаштириш) ҳақидаги қонуни доирасида ўз қурилмаларини USB-C’га ўтказиши маълум бўлди. Bloomberg маълумотлари бўйича, USB-C портига эга биринчи iPhone 2023 йилда чиқарилади.
Аввалроқ Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси Марк Цукерберг иловаларни бошқариш бўйича Apple сиёсатини танқид қилган эди.
Изоҳ (0)