Эрон Исроил ҳужумларидан омон қолган ядро олимларини хавфсиз жойларга кўчирди. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.

Хабарга кўра, Исроилнинг июнь ойидаги ҳужумлари оқибатида Эроннинг 30 дан ортиқ ядро олими ҳалок бўлган. Шундан сўнг, қолган олимлар ҳам нишонга олинмаслиги учун яширилган. Уларнинг кўпчилиги энди ўз уйларида яшамайди ва университетларда дарс бермайди.
Олимлар Теҳрон ҳамда шимолий қирғоқ шаҳарлари яқинидаги хавфсиз ҳудудларда, оилалари билан бирга виллаларда истиқомат қилмоқда, дейилади хабарда.
Исроил рўйхатида 100 га яқин олим борлиги, аммо улардан атиги 15 нафари тирик қолганлиги айтилмоқда. Яҳудий расмийларига кўра, бу олимлар яқин келажакда икки йўлдан бирини танлашга мажбур бўлади: ўз ишини давом эттириб, ҳужумга учрайди ёки янги касбга ўтади. Олий ўқув юртларида дарс берган олимлар эса ядро дастурига алоқаси бўлмаган ўқитувчилар билан алмаштирилмоқда.
Эрон олимларини яшириш қарори Исроил берган маълумотларга асосланган хавотир фонида қабул қилинган. Чунки яқин кунларда яна суиқасдлар бўлиши тахмин қилинмоқда. Шу ҳафта Эрон ўз ядро олимларидан бири — Рузбеҳ Вадини қатл этди. У 13 август куни осиб ўлдирилган. Вади Исроил–Эрон уруши давом этган 12 кунлик жангларда ҳамкасбларининг ўлдирилишига сабаб бўлган маълумотларни Исроилга етказганликда айбланган.
Исроиллик мутахассислар фикрича, ҳозирда янги авлод ядрочи олимлари ўз фаолиятини давом эттиришга тайёр турибди. Эрон ядро дастури шундай тузилганки, ҳар бир муҳим олимнинг камида битта ёрдамчиси бўлади ва улар одатда 2–3 кишилик гуруҳларда ишлайди. Бу эса ҳужум бўлганда ҳам иш узлуксиз давом этишини таъминлаш учун мўлжалланган.
Изоҳ (0)