Хитой раҳбари Си Цзиньпин 7 декабрь куни Саудия Арабистонига ташриф буюради. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Маълум қилинишича, ташриф АҚШ ва икки давлат ўртасидаги кескинлик фонида бўлиб ўтади. Си Цзиньпиннинг Арабистон пойтахти Ар-Риёдга сафари доирасида Хитой—Араб саммити бўлиб ўтади, унда 14 араб давлати раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Икки кунлик ташриф давомида Хитой—GCC конференцияси ҳам бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Хитой раҳбари АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг йирик иттифоқчи давлатига ташрифи ҳақидаги миш-мишлар бир неча ойдан бери тарқалиб келмоқда. Шунга қарамай, бу Саудия Арабистони ва Хитой ҳукуматлари томонидан тасдиқланмаган. Таъкидланишича, саммит доирасида иқтисод ва ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинади. Си Цзиньпин ташрифи Араб—Хитой муносабатлари учун «муҳим босқич» деб баҳоланмоқда.
Маълумот ўрнида, Саудия Арабистони Хитойдан қурол сотиб олиш бўйича 4 млрд долларлик битим имзолаган. Саудия қироллиги Пекиндан 300 дона Ч4 дронлари, ТБ001 дронларини йиғиш линияси, кемага қарши ЙЖ-21э гипертовушли ракеталари ва дронларни тутиб қолувчи Silent Hunter лазерли тизимини олади.
Саудия Арабистони қуролланишда АҚШга қарамликни камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга, Хитой Саудия ва Эрон ўртасидаги зиддиятда бетарафлик сақлаб келаётган эди. Ушбу битимлар ХХРнинг позициясига таъсир кўрсатиши мумкин.
Изоҳ (0)