Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба мамлакатнинг Руминия ва Даниядаги элчихоналарига ҳам хавфли посилкалар келганини маълум қилди. Вазирлик Facebook’даги саҳифасида бу бўйича маълумот берди.
Ташқи ишлар вазири бундай ҳаракатлар фойдасиз эканини қайд этган.
«Бизнинг элчихоналаримизга хавфли посилкаларни жўнатишнинг янги ҳолатлари кузатилмоқда. Бугун уларнинг қаторига Руминия ва Даниядаги элчихоналаримиз ҳам қўшилди», — дейди Кулеба.
Шунингдек, сиёсатчи дипломатларни қўрқитишда давом этаётган ҳар бир кишига почта маркаларига вақт ва пул сарфламасликни маслаҳат берган. Ташқи ишлар вазирлиги спикери Олег Николенконинг сўзларига кўра, жами 21 та шундай ҳолат қайд этилган бўлиб, Украинанинг 12 та давлатдаги хорижий дипломатик ваколатхоналарига таҳдидли посилкалар юборилган.
Эслатиб ўтамиз, Кулеба 3 декабрь куни Украина элчиларига ҳақиқий ёки қалбаки портловчи қурилмалар ёки бўлмаса, сигир, чўчқа кўзлари ва жониворларнинг бошқа аъзолари солинган 17 та аноним почта жўнатмалари юборилганини айтганди.
«Ҳаммаси Украинанинг Испаниядаги элчихонаси яқинида юз берган портлашдан бошланди. Лекин бу портлашдан кейинги ҳодисалар янада ғайритабиийроқ ва айтиш жоиз бўлса, носоғломдир», — деган вазир.
30 ноябрь куни эса Украинанинг Мадриддаги элчихонаси яқинида портлаш юз берган, оқибатда дипломатик миссия ходими яраланган эди — у Испаниядаги Украина элчиси номига юборилган «посилка»ни очган, унда эса бомба бўлган.
Изоҳ (0)