НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 21 ноябрь куни альянс парламент ассамблеяси нутқида Россия ва Украинани чалкаштириб юборди. НАТО матбуот хизмати унинг нутқини трансляция қилди.
Маълум қилинишича, ассамблеяда Украинадаги вазият 1,5 соат давомида муҳокама қилинди.
«Ҳеч ким Украинани қўллаб-қувватламаслиги керак, кечиринг, Россиянинг Украинага бўлган тажовузкорлигини. Бу НАТОнинг Хитойга аниқ сигнали бўлиши зарур», — деган Столтенберг.
НАТО Бош котиби Киевга ҳарбий ёрдамни ҳар томонлама кенгайтиришни давом эттиришга чақирди. Унинг фикрича, НАТО Россия ҳужум бошламасидан олдин Украинага кўпроқ ҳарбий ёрдам кўрсатиши керак эди.
Таъкидланишича, альянс можаронинг «Украинага маъқул бўладиган» тинч йўл билан ҳал этилишини қўллаб-қувватлайди ва шу мақсадда Киев учун йирик ҳарбий ёрдамни таъминлашга ва аскарларни ўқитишга ҳаракат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Ғарб етакчиларини Россиянинг ҳарбий салоҳиятини паст баҳоламасликка чақирганди. У Россия Украина шаҳарларига ҳужум қилиш ва зарба бериш учун ҳали ҳам салоҳият ва кучга эгалигини қайд этган.
Изоҳ (0)