Қирғизистондаги казино ва бошқа қимор ўйинларига ташриф буюрадиган чет эл фуқаролари республикага кириш ва рўйхатдан ўтишда виза олиш заруратидан озод қилиниши мумкин. Бу ҳақда Спутник хабар берди.
Мазкур қонун лойиҳаси Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги томонидан тақдим этилган. Унга кўра, хорижликлар Қирғизистон ҳудудига визасиз ва рўйхатдан ўтмасдан махсус қимор ўйинлари зонасига ташриф буюриш учун кириш, чиқиш, кўчиб ўтиш ва қолиш ҳуқуқига эга бўлади. Паспорт назоратидан ўтишда улар учун шахсий гувоҳномани кўрсатиш кифоя қилади.
Махсус қимор зонаси ҳудудига келувчи хорижликларнинг ташриф мақсадини белгилаш механизми, уларнинг шахсий ва хизмат автомашинасида кириши, ҳаракатланиши ва чиқиши тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Чет эл фуқароси паспорт назоратидан ўтиши ва қатъий белгиланган чегарани кесиб ўтмаган ҳолда махсус қимор ўйинлари зонасига бориши талаб қилинади. Расмийлар талаблар террорчилик ва экстремистик гуруҳ аъзоларининг Қирғизистонга кириб келиши эҳтимолини олдини олиш мақсадида миллий хавфсизликни ҳисобга олиб, ишлаб чиқилади.
Июль ойида Қирғизистонда казинолар қонунийлаштирилганди, бироқ улар мамлакат фуқаролари учун фаолият юритмайди.
Мавзуга доир: Бирлашган Араб Амирликларида биринчи казино очилади
Изоҳ (0)