Ўзбекистондаги касб-ҳунар мактабларида маиший техникаларга хизмат кўрсатишга ўқитиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ҳузурида электротехника саноатидаги истиқболли йўналишлар ҳамда келгусидаги асосий вазифаларга бағишланган йиғилишда айтиб ўтилди.
Давлат раҳбари дастлаб соҳада эришилган натижаларга тўхталиб, келгусида мутасаддилар олдига бу борада амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, профессионал таълим соҳасида йирик ишлаб чиқарувчилар билан бирга ҳудудлардаги касб-ҳунар мактабларида маиший техникаларга хизмат кўрсатишга ўқитишни йўлга қўйиш белгиланди.
Бундан ташқари, «Ўзелтехсаноат» уюшмаси олдига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда йил якунига қадар маиший техника бўйича 1 та, келгуси йилда муқобил энергетика, юқори кучланиш ускуналари ва янги авлод кабел маҳсулотлари бўйича 1 тадан «Изланиш ва ривожланиш» (RnD) марказларини очиш вазифаси қўйилди.
Изоҳ (0)