Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази директори ўринбосари Ғуломиддин Холбоев ва мамлакат элчихонаси ходимлари 24—25 сентябрь кунлари Миср Вақф вазирлигининг Ислом олий кенгаши томонидан ташкил этилган «Ижтиҳод – замон талаби. Унинг кўринишлари, шартлари ва уламолари» мавзусидаги 33-халқаро конференцияда иштирок этди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, икки кун давом этган ушбу анжуманда дунёнинг 55 давлатидан 200 нафардан ортиқ вазир, муфтий, олим ва мутафаккирлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашган.
Конференцияда ислом оламидаги илмий-тадқиқот марказлари, диний идоралар вакиллари ва таниқли уламоларнинг мавзу бўйича маърузалари тингланган. Мавжуд муаммоларни ҳамкорликда ечиш йўллари ҳам муҳокама қилинган.
Анжуман якунида бутун дунё уламолари ижтиҳод ва бошқа муҳим масалаларда ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олинган. Шунингдек, муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинган.
Изоҳ (0)