Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

25 сентябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан инсондан инсонга қон қуйиш бўйича биринчи муваффақиятли амалиёт, саккиз соатли иш режимини жорий этган Генри Форд ва Ирландия тарихидаги энг йирик қочишлардан бирига оид фактлар ўрин олган.

«Умидсиз вазият»: қон қуйиш қандай ўйлаб топилган эди?

Бундан 204 йил олдин 25 сентябрь куни бир инсон қонини бошқа бир одамга қуйиш бўйича биринчи муваффақиятли амалиёт қайд этилган. Операцияни лондонлик акушер Жейм Бланделл ўтказган бўлиб, қон кетиб қолган туғуруқдаги аёлнинг ҳаётини сақлаб қолган.

Париждаги Салпетриэр шифохонасида қон қуйиш жараёни, 1874 йил

Париждаги Салпетриэр шифохонасида қон қуйиш жараёни, 1874 йил
Фото: Wikimedia

Бироқ орадан 100 йил ўтгандан кейингина қон қуйиш усули кундалик ва умумфойдаланишда қўлланила бошлаган. Гемотрансфузиядан оммавий фойдаланишга Биринчи жаҳон уруши сабабчи бўлган. Мазкур янгилик ҳарбий можароларга тушиб қолган минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилган.

Бланделл фойдаланган усул ҳозирда қонуний ҳисобланмайди. Профессионал спортда аутогемотрансфузия — мушакларга кислород боришини яхшилаш учун атлетга ўз қонни қуйиш амалиёти кенг тарқалган. Бутунжаҳон допингга қарши курашиш агентлиги (WАД) ва Халқаро Олимпия Қўмитаси мазкур амалиётни допингга тенглаштирган.

Ўз даври учун Бланделл, албатта, катта сакрашни амалга оширган. Қонга оид илмий билимлар жуда паст даражада эди. Аммо Бланделл уни ўрганишга бутун ҳаётини сарфлаган. 28 ёшида у тарихий операцияни бажарган, лондонликни XIX аср бошлари ўлчовларига мувофиқ юқори малакали мутахассис деб аташ мумкин эди.

Акушер туғуруқ вақтида қон кетиб қолган аёлга унинг турмуш ўртоғидан шприц ёрдамида 100 миллилитрдан ортиқ қонини олиб, беморга қуйган. Аёлнинг исми маълум эмас. Аммо Бланделл гемотрансфузия қон кетиши оқибатида юзага келадиган ўлимлар сонини камайтиришига ишонч ҳосил қилган.

1818 йилга келиб ёш акушер итлар устида қатор тажрибаларни амалга оширган. Бланделл ҳайвонлардан инсонга қон қуйилганда доим омадсизлик билан якунланганини ёзиб қолдирган. Қатор хатоликлар ва тажрибалар давомида у сут эмизувчиларнинг қони бир-биридан фарқ қилиш хусусиятига эга эканини тушуниб етган.

Инсондан инсонга биринчи қон қуйиш амалиёти муваффақиятли ўтган бўлса-да, Бланделлнинг кейинги тажрибалари омадсиз кечган. Шифокорнинг дастлабки саккиз беморидан тўрт нафари ҳалок бўлган, яъни ушбу услубнинг самарадорлиги 50 фоиздан ошмаган.

Бланделлнинг «Қон қуйишда кузатувлар» мақоласига ишланган сурат, 1829 йил

Бланделлнинг «Қон қуйишда кузатувлар» мақоласига ишланган сурат, 1829 йил
Фото: Wikimedia

Бланделл манипуляция жараёнини ва уларнинг оқибатларини синчковлик билан қайд этиб борган. Назоратнинг тўрт усули ишлаб чиқилган: беморнинг умумий аҳволи, қон олиниш ҳажми, қон қуйишнинг узлуксизлиги ва юрак ҳолати. Акушернинг таъкидлашича, қон қуйилганидан кейин одамнинг «танаси қизий бошлайди ва ҳолати яхшиланади». Бланделлгача бўлган тиббиёт ходимлари фақат артериал қондан фойдаланган бўлса, британиялик ўз тажрибаларида веноз қонини ишлатган. Унинг сифати гемотрансфузия учун анча маъқул келган.

Бланделл ўз ишларидан бирида операциянинг хавфи ва асоратлари ҳақида ёзган: қоннинг ивиб қолиши сабаб уни қуйишнинг қийинлашиши, шунингдек, ҳаво эмболияси, айрим ҳолатларда донор қонининг беморникига мос келмаслиги.

Кейинчалик Бланделл ўз операцияларида керак бўладиган анжомларни яратган. Меҳнатлари самараси ўлароқ у иккита аппаратни ихтиро қилган — биридан қон босим остида қуйилган, бошқаси тортишиш кучи орқали жараённи амалга оширган.

Жеймс Бланделлнинг қон қуйишда ишлатиладиган ускуналари

Жеймс Бланделлнинг қон қуйишда ишлатиладиган ускуналари
Фото: Global Look Press

Шунга қарамай, мазкур усул экзотиклигича қолган ва ундан фақатгина охирги чора сифатида фойдаланилган. 1820-1870 йиллар давомида жаҳон адабиётида қон қуйиш билан боғлиқ 75 та ҳолат келтирилган холос. 1875 йилда эса муваффақиятли гемотрансфузиялар сони 347 тага етган.

Гемотрансфузияни амалга оширишга уринишлар британиялик акушерга қадар ҳам ўтказилган. 1795 йилда америкалик шифокор Филипп Синг Физик бир одам қонини бошқасига қуйган. 1667 йилда эса франциялик Жан-Батиста Ден ва англиялик Ричард Лоэр параллел равишда қон қуйишни синаб кўрган. Уларнинг иккиси ҳам қўйнинг қонини инсонга қуйиш бўйича омадсиз тажрибаларни ўтказган. Уларнинг тажрибалари муваффақиятсиз уринишлар сони ортиб кетгани боис қонунчилик даражасида тақиқланган ва жамоатчилик томонидан кескин қораланган. XVII асрда олимлар бир ит қонини бошқасига қуйиб кўрган. Айрим операциялар яхши кечган бўлса-да, бунинг расмий исботлари сақланиб қолмаган.

1628 йилда инглиз олими Уильям Гарвей биринчи бўлиб инсон танасидаги қон айланиш тизимини изоҳлаб берган. Унинг меҳнатлари кейинги авлодларга гемотрансфузия усулини ишлаб чиқишни бошлашда қўл келган.

Ўзганинг қонини қуйишнинг ижобий таъсирлари ҳақида антик даврда ҳам маълум бўлган. Қадимги Рим битикларида келтирилишича, кекса патрисиялар ёшариш умидида ўлаётган гладиаторлар қонини ичгани маълум. Гиппократ эса руҳий касал инсонларни қон ёрдамида даволаш самарадорлиги ҳақида ёзиб қолдирган.

Ҳозирги кунда кўплаб давлатларда амал қилинадиган 8 соатли иш режимини америкалик автомобиль магнати Генри Форд 1926 йилнинг 25 сентябридан бошлаб жорий этган.

888 фалсафаси

1914 йилнинг 5 январида Форд ўз компаниясидаги иш соатини 9 дан 8 соатга қадар қисқартириб, ойликларни 3 доллардан 5 долларга қадар кўтарган. Унинг рақиблари бу каби янгиликка шубҳа билан қараган, бироқ саноатчининг ушбу услуби ўзини оқлаган. Мамлакатдаги энг яхши механиклар Ford Motor Company’га ишга ўтган ва компаниянинг иш самарадорлиги кескин ошган. Натижада икки йил ичида Генри Форд даромадини икки баробарга оширишга муваффақ бўлган.

Фото: Pikabu

Мазкур ғоянинг иқтисодий жиҳатдан самарадорлигига қарамай, бутун Америка 8 соатли иш кунига орадан 23 йил кейин — 1937 йилда бир қатор иш ташлашлар ва адолатли меҳнат стандартлари тўғрисидаги қонун қабул қилинганида ўтган.

Таъкидланишича, иш вақтини қисқартириш ғояси аслида Генри Фордга тегишли эмас. 1593 йилда қирол Филипп II нинг қарори билан биринчи 8 соатли иш жадвалига ўтилган, аммо унда иш юкламаси ўзгармаган. Масалан, қуёш тиғида меҳнат қилмаслик учун ходимлар эрталаб ва кечқурун 4 соатдан ишлаган.

Кўпчилик ўрганган иш графигига ўтиш борасидаги навбатдаги қадамни 1810 йилда Роберт Оуэн исмли тадбиркор қўйган. Аввалига у Нью-Ланаркдаги корхонасига 10 соатли иш кунини белгиланган (бунга қадар 14-16 соатга меҳнат қилинган), орадан етти йил ўтгач уни 8 соатга қадар туширган. Оуэн ҳатто махсус шиорни ҳам ўйлаб топган: «8 соат иш, 8 соат кўнгилхушлик ва 8 соат ҳордиқ».

Шундай бўлса-да, ҳафтасига 5 кунлик иш режими узоқ вақт оммалашмаган ва ХХ аср бошларига келиб, кенг жорий этилиш бошланган. Хусусан, Осиёда «ҳафтасига беш кундан 8 соатли» иш режими биринчи бўлиб Ҳиндистонда 1912 йилда жорий этилган. 1917 йилда ғоя СССРда қонунийлаштирилган. Европадаги аксарият давлатларда эса касаба уюшмаларининг қатор норозиликлардан кейин 1919 йилда ўрнатилган.

Фото: Pikabu

Японияда ҳафтасига 40 соатли ишга биринчи бўлиб Kawasaki корхонаси ўтган. Бутун мамлакат бўйлаб эса орадан 28 йил ўтгач, жорий этилган. 8 соатли иш режимини энг охиргилардан бири бўлиб Австралия жорий этган — 1947 йилда.

XXI аср бошларидан бери иш соатларини қисқартириш ғояси кўплаб давлатларда муҳокама қилинмоқда. Масалан, 2010 йилда Британиянинг New Economics Foundation фонди мамлакатда ҳафтасига 21 соатли иш режимини жорий этиш таклифи билан чиққан. Тадқиқот муаллифларининг фикрича, бу каби чора фақат ишлаш, пул топиш, кўпроқ истеъмол қилиш ҳалқасини бузишга ёрдам беради. Унинг ёрдамида стресслар сони камаяди, сайёрадаги табиий ресурслар сарфи қисқаради: одамлар камроқ истеъмол қилиб, заводлар газ чиқариши камаяди.

2016 йили Исландиядаги ўтказилган тадқиқот давомида Рейкявикдаги қатор компаниялар ходимлари ҳафтасига 4-5 соат кам ишлашга ўтган — бунда самарадорлик даражаси аввалгидек қолган, касаллик таътиллари эса қисқарган.

Мейздан қочиш ёки «Буюк қочиш»

1983 йилнинг 25 сентябрь куни Шимолий Ирландиядаги Мейз қамоқхонасининг H7 блокидан Муваққат Ирландия Республика армиясининг (ИРА) аъзоси бўлган 38 нафар маҳбус қочиб кетган эди. Олдинлари Лонг-Кеш номи билан аталган Мейз Европадаги энг хавфсиз ва ҳимояланган қамоқхоналардан бири ҳисобланган. Унда Шимолий Ирландиядаги можаролар давридаги ҳарбийлаштирилган кампанияларда иштирок этганлар сақланган.

Фото: The Journal

Бу Британия тарихига қочоқлар сони энг кўпни ташкил этган қочиш ҳисобланади. Қочиш натижасида қамоқхона нозирларидан бири юрак хуружидан вафот этган, яна 20 таси яраланган, икки нафари эса контрабанда йўли билан олиб кирилган қурол ёрдамида жароҳат етказилган. Ушбу қочиш ИРА ташвиқотига қўл келган. Ҳукуматдан истеъфо талаб қилинган. Расмий тергов асосий айбни қамоқхона ходимларига юклаган.

Бундан олдинги қочишлар

Шимолий Ирландиядаги можаролар даврида ҳибсга олинган ИРА гуруҳлари бир неча бор оммавий қочишларни амалга оширган. 1971 йилнинг 17 ноябрида тўққиз нафар маҳбус («Крамлин кенгуруси» гуруҳи) Крамлин-роуд қамоқхонасидан девордан арқон ёрдамида қочган. Қочоқларнинг икки нафари қўлга олинган, аммо қолган етти нафари Ирландия Республикаси чегарасидан ўтишга муваффақ бўлиб, Дублиндаги матбуот анжуманида пайдо бўлган. Орадан бир йил ўтгач 17 январь куни HMS Маidstone сузувчи базадан етти нафар маҳбус қочган.

Фото: The Journal

1973 йилнинг 31 октябрь куни эса ИРАнинг уч нафар етакчиси, жумладан, собиқ штаб бошлиғи Шимус Твуми Дублиндаги Маунтжой қамоқхонасидан сайр майдончасига қўнган вертолёт ёрдамида қочган. Ирландиянинг Wolfe Tones мусиқий гуруҳи мазкур қочиш шарафига The Helicopter Song («Вертолёт қўшиғи»)ни ёзган ва у мамлакатдаги машҳур мусиқий қўшиқлар рўйхатининг юқори поғоналарини эгаллаган.

Шунингдек, 1974 йилнинг 18 августида ИРАнинг 19 нафар аъзоси Порт-Лише қамоқхонасининг қўриқчилари қуролларини тортиб олиб, дарвозани портлатган ҳолда қочиб кетган. Шу йилнинг 6 ноябрида эса 33 нафар маҳбус туннел қазиб, Лонг-Кеш қамоқхонасидан қочишга муваффақ бўлган. ИРА аъзоси Хью Кони соқчи томонидан отиб ўлдирилган, қолган 29 нафар қочоқ қамоқхона яқинида ушланган, уч нафарини қўлга олишга эса бир неча кун сарфланган.

1975 йилнинг мартида Лонг-Кеш қамоқхонасидан қочишга уринишда айбланган 10 нафар маҳбус Нюридаги суд залидан қочган. Улар орасида 1983 йилги қочишнинг ташкилотчиларидан бири Ларри Марли ҳам бўлган. 1981 йилнинг 10 июнида ИРАнинг саккиз аъзоси Крамлин-роудан қочишга муваффақ бўлган. Учта пистолет билан қуролланган маҳбуслар нозирларнинг махсус кийимларини кийиб, қамоқдан чиқиб кетган.

Мейздан қочиш

Мейз қамоқхонаси Европадаги энг яхши ҳимояланган ҳибсхона ҳисобланган. Баландлиги 4,6 метрни ташкил этадиган баланд панжаралардан ташқари, ҳар бир H-блок 5,5 метрли бетон девор билан ўралган бўлиб, юқори қисмидан тиканли сим тортилган. Мажмуанинг дарвозаси яхлит пўлатдан қуйилган ва электрон бошқарилган. Маҳбуслар қочиш режасини бир неча ой давомида режалаштирган. Бобби Стори ва Герри Келли H7 блокида санитар бўлиб иш бошлаган ва хавфсизлик тизимининг нозик жойларини ўрганган. Бундан фойдаланган ҳолда қамоқхонага олти та қурол олиб киришга муваффақ бўлинган.

25 сентябрь куни соат 14:30 да маҳбуслар H7 блокида назоратни қўлга олиб, нозирларга «тревога» сигналини беришга йўл қўймаган. Қамоқхона нозирларидан бирига йиғма пичоқ ёрдамида зарба берилган, бошқа бирининг бошида орқадан зарба берилган. Қочишни бузмоқчи бўлган нозир Герри Келли исмли маҳбус томонидан яраланган.

Фото: The Journal

Шу куни соат 14:50 да маҳбуслар H7 блокида тўлиқ ўз назоратини ўрнатган. 12 нафар маҳбус нозирларнинг формаларини кийиб олган, шунингдек, улар ўз машиналари калитларини ҳам беришга мажбур бўлган. Асирларни тутиб туриш ва «тревога» эълон қилинишига йўл қўймаслик учун алоҳида гуруҳ қолдирилган. Шундан кейин, тахминларга кўра, қочоқлар кетиб бўлгач, гуруҳ ўз камераларига йўл олиши керак бўлган. Соат 15:25 да H7 блокининг кириш қисмига озиқ-овқатлар ортилган юк машинаси келган. Бренден Макфарлан ва бошқа маҳбуслар юк машинасининг йўловчиларини қўлга олиб, уларни блокка олиб кирган. Маҳбуслар ҳайдовчига юк машинасидан қочишдан фойдаланишларини айтиб, ундан қайси йўл билан юриш кераклигини сўраган. Бобби Стори ҳайдовчига шундай деган: «Бу йигит (Герри Келли) 30 йилга ҳукм этилган ва мажбур бўлса, кўзини пирпиратмасдан отиб ташлайди. Унинг йўқотадиган нарсаси йўқ».

Соат 15:50 да маҳбуслар H7 блокини тарк этган, ҳайдовчи ва қамоқхона нозирлари бошлиғини юк машинасига ўтқизган. Ҳайдовчининг оёғи муфтага боғлаб қўйилган. 37 нафар маҳбус фургонга чиққан, Гери Келли эса пистолетни ҳайдовчига тўғрилаб, кабина полига ётган. Махсус формани кийиб олган 10 нафар маҳбус пистолетлар билан қуролланган ҳолда юк машинасидан тушиб, қоровулхонага кирган ва у ердаги офицерларни асирга олган. Орадан 15 дақиқа ўтгач, қўриқчилар қаршилик кўрсатишга киришган, улардан бири «тревога» сигналини босишга улгурган.

Фото: The Journal

Маҳбуслар бир неча уринишдан кейин асосий дарвозаларни очишган ва соқчихонадаги шерикларини кута бошлаган. Бу вақтда икки нафар офицер чиқиш йўлини ўз машиналари билан тўсиб қўйгани сабаб маҳбуслар юк машинасини ташлаб қочишган. Тўрт нафар маҳбус битта офицерга ташланиб, унинг машинасини қўлга киритган ва ташқи дарвоза томон отланган. Икки нафар маҳбус дарвоза орқали қочаётганида, улардан бири қўлга олинган. Қолганлар панжарадан ошиб ўтиб, қочган. Соат 16:18 да дарвозлар ёпилган ва тўлиқ назорат ўрнатилган. Жами 35 нафар маҳбус қамоқхонани тарк этган. Ушбу қочиш Британия ва Европа тарихида Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик қочиш ҳисобланади.

Қамоқхона ташқарисида ИРАнинг юзлаб қуролли аъзолари маҳбусларга ёрдам кўрсатиши керак эди. Аммо беш дақиқалик хатога йўл қўйилгани боис маҳбуслар ўзларини кутиб турган транспорт воситасини топа олмай, майдон орқали қочган. Британия армияси қўмондонлиги ва Олстер полицияси зудлик билан фавқулодда ҳолат режимида ишга киришган. Соат 16:45 да қамоқхона машиналар ёрдамида ҳалқа шаклида ўраб олинган. Соат 23:00 да қочоқлардан бири қўлга олинган.

Қочоқлар тақдири

Қамоқхонадан қочишга муваффақ бўлган 15 нафар маҳбус шу куннинг ўзида қўлга олинган. Кейинги икки кунда яна тўрт қочоқ ушланган, жумладан, Хью Кори ва Патрик Макинтайр ҳам. Қолган 19 нафар қочоқнинг 18 нафари Арма графлигидаги республикачилар базасидан топилган.

«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Россия бош вазири Мишустин Ўзбекистонга келди (фото)
Дунё
«Дарё»кундалигида 1 декабрда содир бўлган энг муҳим воқеалар
Дунё
Эронда мамлакат терма жамоасининг ЖЧдаги мағлубиятини нишонлаган йигит отиб ўлдирилди