Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Якунланаётган ҳафта аввалида Қашқадарёдаги боғчанинг 50 нафар тарбияланувчиси овқатдан заҳарланган бўлса, Бухорода мактаб синфхонасининг шифти қулаб тушди. Тошкентда эса президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселекторда 14 нафар туман ҳокими ишдан олиниб, уларга уч ойлик синов муддати белгиланди. «Дарё» ҳар доимгидек ҳафта якунида ҳудудларда рўй берган энг шов-шувли воқеаларни эсга олади.

«Дарё»нинг Наманган вилоятидаги мухбири Азизбек Абдувалиевнинг маълумот беришича, 14 сентябрдан бошлаб Намангандаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида нархлар пасайиши кузатилган. Вилоятдаги автомобилларга метан газ тўлдириш шохобчаларида ўртача нарх 2800 сўмни ташкил этган бўлса, ҳозирга келиб ҳудуддаги мавжуд 115 та метан газ заправкаларининг 15 дан ортиғида бу кўрсаткич 2600 сўмгача пасайган.

Ўтаётган ҳафта, шунингдек, ҳокимлар билан боғлиқ шов-шувли воқеаларга бой ҳафта бўлди.

Ҳафта бошида президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда республикада фаолият юритувчи ҳокимларнинг 14 нафари соҳадаги камчиликлари сабаб ишдан олиниб, уларга уч ойлик синов муддати берилди. Видеоселекторда туризм вазири Азиз Абдуҳакимов, молия вазири Тимур Ишметов, Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ва Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов қатъий огоҳлантирилди. Қолаверса, «Ўзбекистон темир йўллари» раиси Ҳуснутдин Ҳосилов уч ойда тизимида ўзгариш қилмаса, ишдан олиниши маълум қилинди.

Мазкур танқиддан хулоса қилган ҳокимлар — Наманган вилоятининг Тўрақўрғон ва Косонсой, Самарқанд вилоятининг Ургут тумани ҳокими «Дарё» сўровига жавобан танқиддан қилинган хулосалари ҳамда уч ой муддатда давлат раҳбари, туман аҳолиси ишончини оқлаш учун нималар қилмоқчилигини гапириб берди.

Бироқ, Қашқадарёнинг Яккабоғ, Касби ва Қамаши тумани ҳокимлари ОАВ, хусусан «Дарё»нинг бу ҳақдаги сўровини очиқ қолдирди. Улар журналистнинг «Туризмни ривожлантириш борасидаги қайси камчилигим учун президент танқидига учрадим деб ўйлайсиз?», «Берилган уч ойлик муддатда нималар қилиб, давлат раҳбари ва туман аҳолиси ишончига эришаман деб режалаштиряпсиз?», — дея берган саволларига жавоб беролмади.

Жамоатчиликка аввалига 311 миллион сўмга Captiva харид қилиши билан, сўнгра вилоятнинг собиқ ҳокими Зафар Рўзиевга «тош отиши» билан танилган Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаев «Дарё» мухбири билан телефон орқали қилинган дастлабки мулоқотида саволларни эшитди. Саволларни тинглаб бўлгач, ёнида меҳмонлари борлигини айтиб, бироздан сўнг қайтиб қўнғироқ қилишини билдирди. Лекин ваъда қилинган пайтда на қўнғироқ қилди ва на такрорий қўнғироқларга жавоб берди.

Қамаши тумани ҳокими Ботир Тоғаев ҳам журналистни алдаган. У журналист билан телефон орқали мулоқотида саволларни тинглаган. Аммо матбуот котиби орқали саволларни аввалроқ олганини айтиб, 20-сентябр куни кечки пайтгача ҳар иккала саволга ҳам ёзма жавоб беришини айтган. Бироқ ҳоким саволларга ўша пайтнинг ўзида жавоб бермагани етмаганидек, шунчаки ваъда бериш, ёлғон гапириш билан кифояланган.

2021 йил президент Шавкат Мирзиёев танқидига учраб, вилоятдаги сектор раҳбарлари кафиллигида зўрға лавозимида қолган Касби тумани ҳокими Тўхтамурод Мейлиев эса ОАВ вакили билан мулоқот қилишни ҳам истамаган. Тўғрироғи, ОАВ вакили саволларидан қочган. Аввалига матбуот котиби Лазиз Темиров орқали, сўнгра Жамол исмли ёрдамчиси орқали саволларни тинглаган жаноб Мейлиев ОАВ сўровига беписанд муносабатда бўлиб, жавоб беришни ўзига эп кўрмаган.

Қашқадарёнинг собиқ ҳокими 2021 йилнинг ноябрь ойидан бери Тошкент вилоятига раҳбарлик қилиб келаётган Зоир Мирзаев президент Шавкат Мирзиёевнинг мақтовига эришиб, Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоятнинг доимий ҳокими сифатида тасдиқланди.

Вақтинча раҳбар вазифасини бажариб турган Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Ўринбаев эса танқидий чиқишларини давом эттириб, бу сафар Тўрткўл тумани масъулларини «савалаган».

«Дарё» ўз ўқувчиларига энг шов-шувли воқеаларни улашишда давом этади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ўзбекистонда 175 кишининг паспортига IMEI кодлари ноқонуний рўйхатдан ўтказилгани аниқланди
Дунё
Пабло Эскобар буйруғи билан портлатилган Boeing, «Невский экспресс» поездидаги теракт ва совет ҳукуматига қарши бошланган Слуцк қўзғолони. Кун хронологиясида 27 но...
Маҳаллий
Уй-рўзғор ишлари аёлларнинг иқтисодий фаоллигини туширади: Ўзбек аёлининг мартабага эришиш имкониятлари таҳлил қилинди