Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Тошкент—Чирчиқ—Ҳожикент тезюрар шаҳарлараро электропоездлар қатнови жорий этилди. Бу ҳақда «Ўзтемир йўлйўловчи» АЖ хабар берди.
Таъкидланишича, Тошкент—Чирчиқ—Ҳожикент темир йўл ҳудуди инфратузилмаси замонавий талабларга жавоб беришини таъминлаш мақсадида янги темир йўл ўтказгичлар қурилиши ишлари тугатилди, участка бўйлаб темир йўл излари таъмирланди, темир бетон устунлари янгиланди.
Шу муносабат билан 24 сентябрдан бошлаб ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари ҳаракатланадиган ушбу йўналишда тезюрар электропоездлар қатнови жорий этилди. Натижада йўлга сарфланадиган вақт 1 соатга қисқарди. Жадвал ишлаб чиқиш натижасида Тошкент—Чирчиқ оралиғидаги электропоезднинг ҳаракатланиш вақти 45 дақиқага, Чирчиқ—Ҳожикент оралиғида 15 дақиқага қисқарди ва йўлга сарфланадиган умумий вақт 1 соат 40 дақиқани ташкил этди.
Поездлар Тошкент жанубий вокзалидан ва Ҳожикент бекатидан қуйидаги жадвал асосида ҳаракатланади:
- 6429-сонли Тошкент 07:10 — Ҳожикент 08:53;
- 6430-сонли Ҳожикент 09:18 — Тошкент 11:00;
- 6435-сонли Тошкент 13:38 — Ҳожикент 15:19;
- 6436-сонли Ҳожикент 15:44 — Тошкент 17:26.
Изоҳ (0)