Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

14 сентябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан маст учувчи сабаб Boeing 737 самолётининг ҳалокатга учраши ҳамда америкалик раққоса Айседора Дунканнинг фожиали ўлимига оид фактлар ўрин олган.

«Капитан маст»: Пермдаги самолёт ҳалокатига 14 йил тўлди

Бундан 14 йил олдин Россиянинг Перм шаҳрида қўнишни амалга ошираётган Boeing 737 самолёти ҳалокатга учраганди. Олти нафар экипаж аъзоси ва 82 нафар йўловчининг ҳеч бири омон қолмаган. Ҳалок бўлганлар орасида Чечен уруши даврида федерал қўшинларга қўмондонлик қилган Геннадий Трошев ва Бутунроссия самбо федерацияси аъзолари ҳам бўлган. Ҳалокат инсон омили сабаб юзага келган деб тасдиқланган. Беш киши парвозга кеч қолгани сабаб Пермга поезд билан юборилган.

Фото: «РИА Новости»

Халқаро авиация қўмитаси томонидан амалга оширилган тергов ишларидан кейин воқеа нима сабабдан юзага келгани ойдинлашган. Авиалайнернинг қулашига экипажнинг нотўғри бошқаруви сабаб бўлган. Ҳалокатга «экипажнинг ўзаро алоқаси йўқлиги ва парвозга барча тизимнинг тайёрланмагани» сабаб бўлган — «Росавиация» раҳбари Геннадий Кузренков 2008 йилнинг 30 октябрида худди шу маълумотни тақдим этган. Жиноят иши 2012 йилда гумонланувчининг ўлими боис тўхтатилган.

Boeing самолёти 14 сентябрь куни соат 03:12 да «Шереметьево» аэропортидан ҳавога кўтарилган. Ҳаво кемасини 34 ёшли Родион Медведев ва 43 ёшли иккинчи учувчи Рустам Алабердин бошқарган. Парвоз штат режимда амалга оширилган бўлиб, «қора қути» буни тасдиқлайди. Орадан 3,5 соат ўтгач, кўрувчанликнинг ёмонлашгани боис пастлашни бошлаган. Аэропорт ҳудудида ёғингарчилик кузатилган. Қийинчилик диспетчер Германия томон учаётган бошқа самолётга йўл очиш мақсадида SU821 рейсининг қўниш схемасини ўзгартирганидан кейин бошланган.

Учувчиларнинг мулоқоти стенограммасига кўра, экипаж асабийлашган ва бир неча бор хатога йўл қўйган. Ушбу дақиқаларда иккинчи учувчи бошқарувда асосий ролни ўйнаган. Хусусан, бир сафар штурвални хато буриб юборган командирининг хатосини тўғирлаган. Аксинча, Медведевнинг ишида чалкашлик борлиги тахмин қилинган. Учувчилар ўзаро ҳақоратли сўзлар билан мулоқот қилган. Қийинчиликларга қарамай, диспетчер билан музокараларда улар муаммоларга шубҳаларни рад этишган.

Капитан ва иккинчи учувчи қулашга бир неча сония қолганида ҳалокатнинг олдини олиб бўлмаслигини англаб етган. Авиалайнер чап қаноти орқали айланишни амалга ошириб, соат 05:09 да интенсив пастлай бошлаган, соатига 467 километр тезликда дарахтга урилиб, белгиланган нуқтадан 11 километр узоққа қулаган. Самолёт қолдиқлари темир йўл изларига зарар етказиб, поездлар ҳаракатини бир кунга тўхтатиб қўйган.

Фото: «РИА Новости»

Халқаро авиация қўмитасининг аниқлашича, Медведев ва Алабердин таътилдан 11 сентябрь куни ишга чиққан ва ишга киришиб кетишга улгурмаган. Бу тунги парвоз шароитида маълум хатарни юзага келтирган. Бундан ташқари, экипаж чарчагани ҳам асосланган. Фожиадан олдинги уч кун давомида командир олтита рейсни амалга оширган. Комиссия аъзолари ўз ҳисоботида йўловчилардан бири томонидан парвоздан бироз олдин юборган SMS’га эътибор қаратган.

Таниши билан ёзишмада аёл самолёт капитанининг овози унда «маст инсоннинг» таассуротини қолдиргани боис хавотирда эканини билдирган.

Суд-тиббиёт экспертизаси Медведевнинг организмида ростдан ҳам алкоголь бўлганини кўрсатган.

Фото: «Коммерсантъ»

Медведевнинг маст бўлгани ёки касаллиги ҳақидаги маълумотни 2009 йилнинг февралида «Росавиация» раҳбарининг маслаҳатчиси Владимир Черток рад этган. Унинг сўзларига кўра, учувчилар организмидаги алкоголь қолдиқлари «бир стакан қатиқ ёки ярим стакан узум шарбати» ичганидан далолат бериши мумкин. Шу билан бирга, Черток ҳалокат рўй беришидан олдин капитан қиз фарзандли бўлганини тасдиқлаган.

Фото: «Коммерсантъ»

Комиссиянинг хулосалари шаффоф тарзда эълон қилинган бўлса-да, халқда ҳалокатнинг муқобил версиялари пайдо бўла бошлаган. Улар орасидаги энг машҳури — ҳалокат генерал Трошевни ўлдириш учун уюштирилган.

Генерал Владимир Трошев

Генерал Владимир Трошев
Фото: «Коммерсантъ»

Юқори мартабали ҳарбий Бутунроссия самбо федерациясининг тадбирида иштирок этиш учун таътилдан муддатидан олдин қайтган. Трошев билан самолётда федерациянинг биринчи вице-президенти Владимир Погодин ҳам учаётган бўлган. «Самбо-70» мактаби директори Ринал Лайшев эса жароҳати сабаб парвоздан воз кечган.

Махсус хизматлар теракт версиясини кўриб чиққан, бироқ фавқулодда ҳолат жойи кўздан кечирилгач, портловчи техникалар мавжудлиги тасдиқланмаган. Иккала двигатель ҳам ер билан тўқнашувга қадар ишлаган.

https://www.gazeta.ru/culture/2022/05/27/14903048.штмл?упдатед

Рақслар, фарзандлари ўлими ва Есенин билан носоғлом муҳаббат: Айседора Дунканнинг фожиали тарихи

1927 йилнинг 14 сентябрида бутун дунёга ялангоёқ ҳолда тушган рақслари билан танилган америкалик артист Айседора Дункан автоҳалокат қурбони бўлганди.

Фото: AP Photo

Айседора Дункан дунёга келишидан олдин унинг отаси банкрот бўлиб, оиласини ташлаб кетган. Раққосанинг онаси — мусиқа ўқитувчиси Мария — тўрт нафар боласини Оклендга олиб кетиб, мустақил тарбиялай бошлайди.

Айседора беш ёшга тўлганида унинг ёшини яшириб, 1-синфга юборишган. Оқибатда мактабни фойдасиз деб топган Дункан уни тарк этган ва мустақил тайёрланишни бошлаган — бу вақтда унинг ёши 13 да эди. У асосий вақтини Стеббинс студиясида мусиқа ва рақс ўрганишга сарфлаган. Айседоранинг ўзига хос услуби шаклланишида модерн рақс асосчиси Лои Фуллер катта рол ўйнаган.

18 ёшида Дункан Чикагога кўчиб ўтиб, тунги клубларда рақсга туша бошлаган. Унинг ялангоёқ ва енгил кийимдаги рақслари оммага манзур бўлган. 1901 йилга келиб у Европадаги концертларда иштирок этиш бўйича шартномани имзолаган ва Лои Фуллернинг Париждаги гуруҳида чиқиш қилган. Айседоранинг муваффақиятини таъминлаган гастроллардан кейин у Германия ва Францияда рақс мактабларини очган. 1903 йилда Грецияга келган артист Копанос тепалигида рақс машғулотлари учун бино қурилиши ташаббуси билан чиққан.

Дункан Россияга биринчи марта 1904 йилда келган ва Санкт-Петербург ҳамда Москвада бир нечта концерт берган. Мамлакатда артистнинг кўплаб мухлислари бўлиб, унинг рақс услубини ўргатадиган студиялар очилганди.

1921 йилда РСФСР Маориф халқ комиссари Анатолий Луначарский Дунканга Москвада рақс мактабини очиши учун молиявий ёрдам беришни ваъда қилади. Шу йилнинг кузига келиб «Ишчи Москва» газетаси Дункан 4 ёшдан 10 ёшгача болалар учун мактаб очганини эълон қилган. Артист асосий эътиборни ишчиларнинг фарзандларига қаратган. Даставвал мактабда 100 нафардан ортиқ бола тахсил олган, бироқ молиявий ёрдам кутилганидек бўлмагани боис уларнинг сони 40 нафаргача туширилган. Дункан мактабга кетадиган асосий харажатларни мустақил тўплаган, жумладан, тарбияланувчиларнинг овқатланиши учун ҳам. 1924 йилда у СССРдан кўчиб кетиб, муассасани бошқаришни асраб олган қизи Ирма Дунканга топширган. Мактаб 1949 йилга қадар фаолият юритган.

Есенинга қадар шахсий ҳаёти

Дункан ёшлигида польшалик Иван Мироскига турмушга чиқмоқчи бўлган, бироқ унинг оиласи борлиги маълум бўлган. Будапештда у актёр Оскар Бережи билан танишиб қолиб, муносабатлар ўрнатган. Театр режиссёри Гордон Крег билан муносабатларидан кейин 29 ёшли Айседора Дердри исмли қизини дунёга келтирган.

1907 йилда Дункан концертлари сабаб Петербургга келганида Константин Станиславский билан танишиб қолган. 1910 йилда у тикув машина ихтирочиси Айзек Зингернинг ўғли Патрик Зингердан ўғлини дунёга келтирган.

«Мен ўзимни дунёдаги энг бахтли аёл деб ҳисоблардим. Санъат, муваффақият, бойлик, севги — энг муҳими ажойиб болалар», — деб ёзади артист.

Бироқ севгилисининг рашки сабаб у Зингер билан ажрашишга қарор қилади. 1913 йилда Дункан иккала боласи билан Версалга кўчиб ўтади. Йўлда автомобиль мотори ўчиб қолади ва ҳайдовчи уни текширишга чиқади. Бироқ машина кутилмаганда ўт олиб, Сена дарёсига тушиб кетган. Болаларнинг иккиси ҳам ҳалок бўлган. Ушбу зарбадан Дункан бутун умр ўзига кела олмаган.

Рақс тушаётган Айседора Дункан

Рақс тушаётган Айседора Дункан
Фото: AP Photo

1914 йилда у яна бир ўғил фарзандли бўлган, бироқ туғуруқдан бир неча соат ўтиб, у вафот этган. Шунингдек, Айседора олти нафар ўқувчисини асраб олган.

Есенин билан муҳаббати ва ўлим

43 ёшли Дункан 27 ёшли Сергей Есенин билан учрашишни бошлаган. Улар 1921 йилнинг кузида рассом Георгий Якуловнинг базмида танишиб қолган. Раққоса жилоланувчи қизил кўйлакда ташриф буюриб, шоирни ўзига ром этган. Журналистлардан бирининг ёзишича, диванга ярим ётган ҳолатдаги Айседора тиз чўккан Есениннинг бошини силаб «Олтин бош» деган.

Дункан рус тилини, шоир эса инглиз тилини билмаган. Ёшлар орасидаги фарқ ва тил тўсиқларига қарамай, уларнинг муносабатлари тезда ривожланади. Артист Совет Иттифоқида карьера учун истиқбол камлигини ҳисобга олиб, ёш севгилисини ўзи билан гастролларга олиб кетмоқчи бўлади. Муаммолардан қочиш мақсадида Есенинга виза олиш учун улар 1922 йилнинг 2 майида оила қуради. Бу Дунканнинг биринчи расмий никоҳи эди.

Есенин, Дункан ва унинг ўгай қизи Ирма Дункан

Есенин, Дункан ва унинг ўгай қизи Ирма Дункан
Фото: AP Photo

Севишганлар таржимон ёрдамида суҳбатлашишар эди. Тўйдан кейин Есенин Дунканнинг Франция, Германия, Бельгия, Италия ва АҚШ бўйлаб турларига ҳамроҳлик қилган. Шоир гастролларда унга фақатгина Дунканнинг шериги сифатида қарашларини қабул қила олмаган. Унинг кайфияти тез-тез ўзгариб турар, аёлига бақириб, баъзида қўл ҳам кўтарар эди. Шунингдек, Есенин алкоголга муккасидан кетган бўлиб, бир сафар Айседора уни тинчлантириш учун полиция чақиришга мажбур бўлган. Ҳар сафарги жанжаллардан кейин шоир кечирим сўрар, аёл эса унинг узрларини қабул қиларди. Шундай қилиб, уларнинг турмуши икки йил давом этган.

Дункан Есенинсиз хорижга кетганида шоир унга телеграмма юборган: «Мен бошқасини яхши кўраман. Уйландим. Бахтлиман. Есенин». Гап Галина Бениславская ҳақида эди — шоир ўз котибасининг уйида яшарди. Аслида Есенин унга уйланмаган. 1925 йилнинг охирида у Ленинграддаги «Англетер» меҳмонхонасида ўз жонига қасд қилган. Икки йил ўтмай, Дункан ҳам вафот этган.

Фото: Pikabu

1927 йилнинг 14 сентябрь куни раққоса Ницсе бўйлаб автомобиль сайрига отланган. Ҳар сафаргидек у эркин услубда кийинган эди. Кутилмаганда Дунканнинг узун қизил шарфи машина ғилдирагига ўралиб қолади ва артистни машинада улоқтириб юборади. Айседора бўйни синиши оқибатида вафот этган.

«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар