Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

IT Park хорижда ишлаётган ўзбекистонлик IT-мутахассиси Дархонбек Маматалиевнинг муваффақият тарихи ҳақида ҳикоя қилади. 25 ёшли Дархонбек Тошкентдаги Инҳа университетини тамомлаган. Мактаб, коллеж ва университетда ўқиб юрган кезларида информатика ва дастурлаш фанлари бўйича олимпиадаларда ва IT мусобақаларида ҳам қатнашган.

Фото: IT Park

Фото: IT Park

У ҳозирда АҚШда яшаб «Uber» компаниясида iOS-дастурчи сифатида фаолият олиб бормоқда.

Чет элга кетиш тарихи

Дархонбек АҚШга 2019 йилда кўчиб кетган. У Green Card ютганимдан сўнг резюмеларини АҚШ компанияларига жўнатган. IT соҳасида иш топгач у ерга кўчиб ўтган.

Унинг айтишича, кўчишдан мақсади иккита эди: молиявий етуклик ва дастурчи сифатида техник билимларни ошириш.

АҚШ, хусусан, Кремний водийси барча технологик компанияларининг маркази ҳисобланади. Дунё бўйлаб энг йирик компанияларининг ярмидан кўпи у ерда жойлашган. IT-мутахассис учун эса кўп нарсаларни ўрганиши мумкин бўлган тажрибали мураббийга эга бўлиш жуда муҳимдир.

Бундан ташқари, устида ишлашингиз мумкин бўлган катта маҳсулотларга эга бўлиш ҳам жуда муҳим ўрин тутади, чунки катта, мураккаб техник муаммоларга дуч келмасангиз, уларни қандай ҳал қилишни ўрганмайсиз, — дейди Дархонбек.

Дархонбек эслашича, кўчиш ва ишга жойлашиш билан боғлиқ муаммолар бўлмаган, чунки Green Card ишлашга рухсат беради. Аммо келгандан кейин баъзи қийинчиликлар пайдо бўлди.

АҚШга кўчиб ўтганимда, мен деярли барча пулларни чиптага ва уй-жойга сарфладим. Чўнтагимда 500 доллар қолган эди. Бу маблағ билан мен мамлакатда ҳаётимни ва ишимни бошладим ва тез орада маош оламан деб умид қилдим, чунки менда бошқа пул йўқ эди, — деб эслайди у илк кунларини.

Фото: IT Park

Фото: IT Park

Боз устига яқинлари ёнида эмаслиги Дархонбек учун янада қийин бўлган.

Кўпчилик айтади: чет элга бор, у ерда ҳамма нарса осон, ҳаёт гўзал, деб. Аслида унинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари мавжуд.

Янги мамлакатга кўчганингизда, барчасини қайта бошлашингиз керак. Ёнингизда на дўстларингиз, на танишларингиз, оилангиз, на обрў-эътиборингиз, на таниш-билиш бўлади. Янгидан дўстлар ва танишлар доирасини тузиш керак, шунинг баробарида, ўзга маданият ва урф-одатларга мослашиш лозим.

Нега айнан АҚШ?

Ҳозирда Дархонбек «Uber Eats» — турли давлатларда фаолият олиб борадиган таом ҳамда дўконлардан озиқ-овқат етказиб бериш иловасини дастурлаш устида иш олиб бормоқда. «Uber Eats» мазкур соҳа бўйича дунёдаги энг йирик компания ҳисобланади.

Нега айнан АҚШни танладингиз дея берилган саволга Дархонбек молиявий нуқтаи назардан Америкада дастурчиларга энг юқори маош берилади, дея жавоб берди.

Салоҳият нуқтаи назаридан, у ерда нафақат IT-компаниялар, балки бошқа соҳаларда ҳам, масалан, суғурта, тиббиёт, банк ва молия соҳаларида ҳам дастурчи-мутахассислар керак.

Бундан ташқари, юқорида айтиб ўтганимдек, бу ерда йирик компаниялар, йирик маҳсулотлар жуда кўп. 10 мингта фойдаланувчи ишлатадиган иловани яратиш бошқа, 100 миллион фойдаланувчи ишлатадиган иловани ишлаб чиқиш бошқа. Иш кўлами, ёндашувлар ҳар хил, — деб тушунтиради у.

Қолаверса, мамлакатда турли IT-конференциялар ўтказиб келинади. Тадбирларда машҳур дастурчилар, дастурлаш тиллари, технологиялар муаллифларини учратиш мумкин. Ушбу мутахассислардан кўп нарсани ўрганса бўлади.

Ўзбекистон IT соҳасини қандай баҳолайсиз?

Дархонбек ҳар қандай давлатнинг IT соҳаси ривожланишини қуйидаги мезонларга кўра баҳолайди: молия, инфратузилма, ўсиш ва инсон салоҳияти.

Фото: IT Park

Фото: IT Park

Молиявий нуқтаи назардан, тан оламан, мен ҳайратдаман. Ўзбекистонда дастурчиларнинг маоши жуда тез ўсиб бормоқда, бу қисман йирик глобал компанияларнинг мамлакат бозорига кириб келгани билан боғлиқ.

Шунингдек, мутахассислар хориж компанияларида қандай ишлаш мумкинлиги ҳақида ўйлай бошлади ва дастурчилар касбининг ўзига хос хусусияти шундаки, сиз дунёнинг исталган нуқтасидан исталган ишни бажаришингиз мумкин».

Ҳозир, дея давом этади мутахассис, ўзбекистонлик кадрлар халқаро ва хорижий лойиҳаларни излаб, яхши маош олишни ўргана бошлади.

Инфратузилмага келсак, у тармоқ сифатини назарда тутган ҳолда, Тошкентда бу борада ҳеч қандай муаммо йўқлигини таъкидлади. Бундан ташқари, пойтахт ўз бизнесингизни хавфсиз олиб боришингиз мумкин бўлган коворкинг майдонларига тўла. Бироқ, пойтахт ташқарисида аҳвол бошқача.

Мен ўзим ангренликман. Интернет ёмонлиги сабабли у ерда ишлаш деярли мумкин эмас, коворкинг ҳақида эса гап бўлиши ҳам мумкин эмас, улар шунчаки мавжуд эмас. Ҳудудларда ҳам худди шундай муаммо бор. Лекин мен биламанки, IT Park одамлар ўқиш ва ишлаш учун келиши мумкин бўлган филиаллар ва IT марказларини вилоятларда ҳам очмоқда, — дейди у.

Дархонбекнинг кузатишларига кўра, Ўзбекистонда касбий ўсиш истагида бўлганлар кўп. Ёшлар IT соҳаси истиқболли эканлигини, бу орқали яхши пул ишлаш мумкинлигини тушунишади. Ижобий тренд кузатилаётгани, шубҳасиз, қувонарли ҳолат.

У ҳозир кўраётган ягона муаммо Ўзбекистонда йирик маҳсулотлар кам. Ўрганмоқчи бўлганлар бор, лекин уларга ўргатадиган ҳеч ким йўқ яъни талабага тажриба етишмайди, йўл-йўриқ кўрсатадиган устоз йўқ.

Фото: IT Park

Фото: IT Park

Инсон капитали қийинроқ масала. Ўзбекистон аҳолиси 30 миллиондан ортиқ, уларнинг орасида IT соҳасига қизиқувчилар салмоқли. Аммо муаммо шундаки, ҳозир дастурчиларимиз сифат жиҳатидан жаҳон даражасидаги дастурчилар билан рақобатлаша олмайди.

Катта маҳсулотлар устида ишлай оладиган жаҳон миқёсидаги мутахассислар бармоқ билан санардек. Қолганларида эса бундай билим ва тажриба йўқ, жаҳон стандартларига жавоб бермайди.Шунинг учун,у ҳам олий таълим ўқув юртларида, ҳам ўқув курсларида берилаётган таълим сифатини ошириш муҳим эканлигига урғу берди.

Аминманки, тўғри ёндашув билан Ўзбекистон тез орада янги босқичга кўтарилади. Биз одамларга бошқача фикрлашни — тадбиркорликни ривожлантиришга ёрдам беришимиз керак. Фақат бирон бир IT-компанияда ишламасдан, каттароқ нарсалар ҳақида, ўз корхонангизни қандай яратиш ҳақида ўйлаб кўринг, — деб тавсия беради у.

«Ватанга қайтиш ниятингиз борми?» деган саволга Дархонбек: «Мен деярли кетмадим десам ҳам бўлади», дея жавоб берди.

Ўзбекистонга ҳар олти ойда келаман. Бу ерда мен университетларда, конференцияларда нутқ сўзлайман. Шунинг учун деярли кетмадим десам ҳам бўлаверади. Аммо жиддий олиб қараса, ҳозир мен дунёни ўрганяпман ва яқин йилларда саёҳат қилишни, турли мамлакатларни, уларнинг маданиятини ва бизнесини ўрганишни режалаштирмоқдаман.

Фото: IT Park

Фото: IT Park

У ёки бу давлатда IT соҳаси қандай ишлайди, уларда қандай муаммолар бор, улар қандай ҳал қилинмоқда, қаерда қандай бизнесни бошлаш мумкинлиги мени қизиқтиради. Қайтаманми ёки йўқми, билмайман, вақт кўрсатади, — деб жавоб беради у.

Ёш дастурчиларга қандай маслаҳат берасиз?

Дархонбек ёш мутахассисларга аниқ маслаҳатлар берди.

Фаолиятингизнинг дастлабки йилларида бор эътиборингизни тажриба орттиришга қаратинг. Ҳаттоки пул тўланмайдиган амалиёт ўташингиз ҳам мумкин. Лойиҳаларни амалга оширинг ва портфолио яратинг.

Шунингдек, у ёш дастурчиларга кўп ўқишни, ёмон одатлардан воз кечишни маслаҳат беради.

1. «Atomic Habits» китобини тавсия қиламан. Унда ёмон одатлардан халос бўлиш ва яхши одатларни шакллантириш усуллари тасвирланган. Ушбу усуллар ўқув жараёнини осонлаштиради.

2. Дастурчилар ҳаракатсиз ҳаёт тарзига эга. Спорт билан шуғулланинг — спорт залига боринг, югуринг, велосипедда учинг.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Туркиядаги фуқароларга мурожаат билан чиқди 
Маҳаллий
Ўзбекистонда 7 февраль куни 20 даражагача илиқ бўлиши кутилмоқда 
Маҳаллий
Ўзбекистонда доллар курси яна ошди