Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида яшовчи фуқаро Жасурбек Ибрагимов «Дарё»га мурожаат қилиб, кадастр бўлими ходимлари уни ноқонуний тарзда жаримага тортаётганини, кадастрчилар томонидан босим бўлаётганини айтмоқда. «Дарё» мухбири ушбу ҳолатни ўрганиш мақсадида Шаҳрихон туманида бўлди.
Жасурбек Ибрагимовнинг айтишича, у баҳор фаслининг бошида тирикчилик қилиш мақсадида уйининг дарвозахонаси ўрнида музқаймоқхона қурган. Жорий йилнинг апрель ойида кадастр ходимлари келиб, бино ноқонуний қурилаётгани, 15 кун муддатда бузмаса жазога тортилиши бўйича огоҳлантирган. Шу сабабли ҳали фойдаланишга тушмаган бино муддатидан аввал бузиб ташланган.
Уйдагилар билан маслаҳатлашиб, дарвозахонани ёпиб, олдини музқаймоқ сотадиган жой қилишни режа қилгандик. Мақсадимиз шу ердан унумли фойдаланиб, оз бўлса-да тирикчилик қилиш бўлган. Қурилишни битказиб, энди фойдаланмоқчи бўлганимизда кадастр ходимлари келиб ноқонуний объект эканлигини айтиб, бузиш кераклигини билдиришди. Кейин ўн беш кун ичида бузмасам жарима солишларини айтишди.
Бошимга ғалва орттирмай деб, белгилаб берган муддати ичида бузиб юбордим. Орадан бир ойча вақт ўтса ҳамки, кадастр ходимлари қайтиб келмади. Биринчи келишганида ҳам ҳақ-ҳуқуқларим, тартиб қоидалар қандай бўлишини тушунтиришмаганди. Шунинг учун ҳам бузгандан кейин ҳеч қаерга мурожаат қилмадим. Бузганлигим ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумот бермадим», — дейди Жасурбек.
Фуқаронинг таъкидлашича, кадастр ходимлари томонидан 31 май куни унга нисбатан 40 миллион 500 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Бир ойдан кейин кадастр ходимлари томонидан уйимга хат келди. Мазмуни бир хил аммо чақирув муддати турлича қайд қилинган иккита хат. Ҳайрон бўлиб, кадастр ходимларига учрадим. Борсам улар сизга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик баравари миқдорида жарима солинди дейишди. Нимага асосанланганлигини сўрасам ноқонуний бино қурганингиз учун деб айтишди. Ваҳоланки мен бинони айтилинган ўн беш кун муддатидан олдин бузиб юборганман. Ҳаттоки, келиб ўрганишмаган ҳам. Шуларни айтсам барибир ‘штраф’ солинади, дейишдан бошқасига ярашмади.
Ҳуқуқларимни билмаганим учун бир нусхани олдимда қўл қўйиб бердим. Кейин Шаҳрихон туман адлия бўлимига мурожаат қилдим. Улардан бинони муддатидан олдин бузганимни, ҳаракатларим тўғри эканини айтиб, ишни ўрганиб беришларини сўрадим. Улар ҳолатни ўрганишганида жарима ноқонуний солингани маълум бўлди. Бундан ташқари соат кечки пайт 21:29 да ёзилган жарима иш вақтидан ташқарида расмийлаштирилган экан. Шуларга асосланиб адлия ходимлари хат киритишди. Айбларини тасдиқлаб беришгани учун кадастрдагилар ходимига ҳайфсан берди.
Шундан кейин яна бордим. Ходим хато қилгани учун ҳайфсан беряпсиз, унинг айби учун нега мен жарима тўлашим керак десам қилган ишлари тўғрилигини, орқага қайтариб бўлмаслигини айтишди. Кейин жаримани бекор қилиб беришларини сўраб вилоят кадастрига мурожаат қилдим. Эртасига уч киши ишни ўргангани келишди. Мурожаатим қолиб, ҳаммаси жаримани бўйнимга илишмоқчи бўлди. Бундан ташқари ҳар хил гаплар гапириб, босим ўтказишди. Ҳақ-ҳуқуқимни ўргатишларини сўрасам, ўргатадиган эмас жарима солувчи ташкилотмиз, дейишди. Уларни мақсади фақат одамни эзиш бўлди.
Уларга ўн беш кун вақт берилганини, шу вақт ичида бузиб юборганимни айтсам ‘Бузиб юборишинг мажбурий эмас. Бузсанг ҳам, бузмасанг ҳам барибир жарима қўлланилади. Вақт беришдан мақсад судга чиқармаслик. Шу сабабли бузганинг учун судга чиқармаймиз, холос’, дейишди. Унда нега огоҳлантиришда агар ўн беш кун муддатда бузмасанг қонуний жазолаймиз дейишди? Саволларимга ҳеч ким жавоб бермаяпти. Бу бўйича прокуратурага ҳам ариза ёздим. Ҳеч қандай натижа йўқ», — дейди Жасурбек Ибрагимов.
Фуқаро Турдиали Солиевнинг айтишича, у Жасурбекнинг хонадони олдига кичик сомсахона қуриб, тирикчилик қилиб келган. Кадастр ходимлари унинг ҳам олдига келиб, бузиш бўйича оғизаки топшириқ берган, лекин огоҳлантириш бермаган. Бундан ташқари ходимлар унга турли босимлар ўтказган.
Шу ерга сомсахона қилгандим. Кичик бўлса ҳам, кунимизга ярайдиган даражада болаларни боқиш учун тирикчилик қилаётгандим. Кадастр ходимлари келиб ‘бу ерни кимдан сўраб қурдингиз?’, деганди уйни эгасидан бир оғиз сўраганимни, улар халал бермаса бемалол қуришимни айтгани учун қурганимни айтдим. 30 июнь куни кадастр ходимлари келиб, бинони бузасан дейишди. Айтганини қилиб, ўн кунда буздим. Бузиб юборганлигим ҳақида суратларни кадастр ходимига олиб бориб бердим.
Эртасига ўзлари келиб, судга ариза топширасан дейишди. Белгиланган вақтда бузиб топширганман-ку, десам ҳолат шунақалигини айтишди. Айтишларича, судга ариза топширсам қайта кўриб чиқишаркан. Ҳеч нарсани тушунмадим. Ваҳоланки булар келиб, оғизаки айтган холос. Ҳеч қандай расмий огоҳлантириш деган нарса берилмаган. Кейин менга жой шу болага тегишли деб айтасан дейишди. Жарима чиқариб бераман деб қўрқитяпти. Кейин Ислом дегани шериги билан келдида мажбур ўша судга топширасан деди. Айтишича, судга топширсам ҳам, топширмасам ҳам барибир жарима чиқараман деяпти», — дейди Турдиали Солиев.
Адлия бўлими бошлиғи Камолиддин Омоновнинг таъкидлашича, Жасурбек Ибрагимов Кадастр агентлиги Шаҳрихон туман бўлими ходимларининг хатти-ҳаракати ва ўзига нисбатан қўлланилган маъмурий жариманинг қонунийлигини ўрганиб берилишини сўраб мурожаат қилган. Мурожаат бўлим томонидан тўпланган ҳужжатлар асосида ўрганиб чиқилганда Кадастр агентлигининг Шаҳрихон туман бўлимига тақдимнома киритилган. Натижада бўлим инспекторига нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилган.
Ўрганиш давомида Кадастр агентлигининг Шаҳрихон туман бўлими бошлиғи А.Мақсудов томонидан 2022 йилнинг 31 май куни расмийлаштирилган ‘Маъмурий жазо қўллаш тўғрисида’ги қарори билан фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмига асосан базавий хисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдорида, яъни 40 миллион 500 минг сўм маъмурий жарима қўлланилганлиги аниқланди. Бундан ташқари бўлим инспектори Исломбек Қобилов жорий йилнинг 14 апрель куни Жасурбек Ибрагимов томонидан яшаш уйига туташ ҳудудга ўзбошимчалик билан 76 кв/метр жойга бино қуриб олганлиги, шунга асосан маъмурий баённома расмийлаштирилганлиги, қурилмани буздириш ҳақида шу кунинг ўзида огоҳлантириш хати берилганлиги аниқланди.
Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ҳужжатлар тўплами кўриб чиқилганида бўлим инспектори Исломбек Қобилов томонидан баённома расмийлаштирилган бўлса-да, фуқарога Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 294-моддасига зид равишда маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари тушунтирилмаган. Ваҳоланки, Кодекснинг 282-моддасига мувофиқ, баённома бошқа ҳужжатлар ва иш бўйича ашёвий далиллар билан бирга ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб бир суткадан кечиктирмасдан ваколатга эга бўлган мансабдор шахсга юборилмаган ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага ички ишлар органларининг маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг илгари маъмурий жавобгарликка тортилганлиги факти мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ИС маълумотномаси илова қилинмаган.
Шунингдек, жорий йилнинг 19 май куни, яъни ‘Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаъги баённома расмийлаштирилган кундан 35 кун ўтиб, ҳуқуқбузарнинг яшаш хонадонига почта алоқа тармоғи орқали чақирилиш муддатлар турилча бўлган 244- ва 245-сонли маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳужжатларни мазмунан кўриб чиқиш ҳақида хабарномалар юборилган. Ваҳоланки, Кодекснинг 305-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ваколатли орган мансабдор шахси томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишга оид бошқа материаллар олинган кундан бошлаб ўн беш кунлик муддат ичида кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган.
Бўлимнинг мансабдор шахси томонидан фуқарога хабарнома берилган бўлса-да, Кодекснинг 308-моддасига зид равишда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш баённомаси расмийлаштирилмаган. Бундан ташқари, бўлим бошлиғи А.Мақсудов томонидан 2022 йил 31 май куни иш вақтидан ташқари соат 21:29 да фуқарога нисбатан ‘Маъмурий жазо қўллаш тўғрисида’ги қарор қабул қилинган. Бунда Агентликнинг Ички меҳнат тартиби қоидаларининг 41-бандида Кадастр агентлиги тизими идораларида ишнинг бошланиш вақти соат 9:00 дан тугаш вақти соат 18:00 га қадар этиб белгиланганлигига эътибор қаратилмаган. Шаҳрихон туман адлия бўлими томонидан аниқланган ушбу қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан жазо тайинлаш юзасидан тақдимнома киритилган», — дейди Камолиддин Аманов.
Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси маъмурий амалиёт бўлими бошлиғи Маҳмуджон Мадраҳимовнинг маълум қилишича, туман бўлими инспектори томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари бор, деб маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шунга кўра, жарима қўлланилган.
Шаҳрихон туманида яшовчи фуқаро Ибрагимов Жасурбекка нисбатан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 36 кв/метр ерга бино қуриб олгани учун 2022 йилнинг 14 апрель куни Кадастр агентлиги Шаҳрихон туман бўлими ходимлари, яъни инспекторимиз Исломбек Қобилов томонидан бинони тез кунда бузиб юбориш юзасидан кўрсатмалар бериб, маъмурий баённома расмийлаштирилган. Бунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари бор деб, маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Ишни кўриб чиқиш куни ва жойи ҳақида фуқаронинг мурожаатида кўрсатилган ҳолат бўйича хабарномалар юборилган. Хабарномаларга эътироз бўлди. Тўғри битта конвертнинг ичига иккита хабарнома қўйиб жўнатилган. Лекин почта орқали муддат бериб жўнатилган. Биласиз, бизда давлат бюджетидан пул ажратилмайди. Шу сабабли биттадан конвертнинг ичига солиб, маркасини жўнатган. Икки кун, беш-олти кун фарқ билан жўнатилган. Фуқаро буни тан олиб ёзиб берган. Шундан кейин фуқаро келмаган. Келмагандан кейин 31 май куни ходимлар томонидан бир ярим ой ўтгандан сўнг маъмурий баённома юзасидан туман бўлимига айтилгач, бўлим бошлиғи томонидан қарор қабул қилиниб, 40 миллион 500 минг сўм жарима қўлланилган», — дейди у.
Мадраҳимовнинг таъкидлашича, адлия бўлими тақдимномасига асосан инспектор фуқарога нисбатан кеч чора кўрганлиги сабабли жазога тортилган.
Бу юзасидан ‘Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс’нинг 305-моддасида 15 кунда туман (шаҳар) бўлим бошлиқлари ёки бошқарма бошлиғи, ўринбосарлари томонидан қарор қабул қилиш керак, деб ёзиб қўйилган. Шу ўн беш кун ичида чора кўрилмай кеч кўрилганлиги учун ходимимизга нисбатан чора кўрилган. Яъни, ушбу ишни Шаҳрихон туман Адлия бўлими ўрганиб, тақдимнома берган экан. Шунга асосан, 305-модда талабларини бузган деб туриб, инспекторга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган. Бундан ташқари фуқаро томонидан қурилиш майдони 76 кв/метр эмас 36 кв/метр эканлиги бўйича билдирган эътироз инобатга олиниб, ходимнинг ҳаракатларида интизомий жазога тортилиш ҳаракати борлиги учун юқоридаги жазо қўлланилди.
Фуқаро аризасида ўзининг биноси эмас, атрофида бошқаларнинг ҳам бинолари ҳам бор деганидан кейин вилоят томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, ўрганилди. Ўрганиш давомида бир фуқаро томонидан 40 кв/метр миллий таомлар ошхонаси сифатида қурилиш қилиб олганлиги аниқланди. Унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, туман бўлими томонидан чора кўриш ҳаракатлари бошланган. Шунингдек, иккита фуқарога нисбатан 60-модда 2-қисми билан, яъни 2021 йил 16 августдан олдин бино қурилиб, битказилганлиги сабабли баённомалар расмийлаштирилди. Ҳозирги кунда судга юбориш чоралари кўрилаяпти. Шу битта бино бузилгани йўқ, қолган бинолар бузилиб, фуқаролар томонидан бартараф қилинибди. Лекин уларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирганмиз», — дейди Маҳмуджон Мадраҳимов.
Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси ер ва кадастр назорат бўлими бошлиғи Санжарбек Шокаримовнинг айтишича, президент фармонига асосан Кадастр агентлигига жазо чоралар кўриш ваколати берилган. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмига асосан фуқаро қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этса-этмаса жазодан озод қилиниши ёки бошқаси кўрсатилмаган.
Президентнинг 2021 йилда қабул қилинган шу ҳақдаги фармонида ер хусусидаги муносабатлар тартибга солиниб, туман ҳокими, вилоят ҳокими ва Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари ҳамда Кадастр агентлигининг ҳам бир қатор функционал вазифалари аниқ кўрсатиб берилган. Фармоннинг 10-бандида ноқонуний қурилишларни судга киритиш, жазо чоралар кўришлик ваколати берилди. Фармоннинг мазмун-моҳияти бўйича оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарғиб қилдик. Бундан ташқари маҳаллаларда ҳам тарғибот материалларини ёпиштириб чиқдик. Фармондан кейин 780-сонли қонун қабул қилинди. Шу муносабат билан ‘Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс’, ‘Жиноят кодекси’, ‘Ер кодекси’ ва бошқа бир қатор қонунларга ўзгартиришлар киритилди. Натижада ер билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланса жазолар кучайтирилганлиги қайд қилинган.
Олдин ‘Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс’нинг 60-моддаси 2-қисмида фуқаро ўзбошимчалик билан ерни эгаллаб олса-ю бартараф этса жавобгарликдан озод қилиниши белгиланган эди. Ҳозир ҳам ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини 15 кунлик муддатда бартараф этилишини таъминласа фуқаро ҳар қандай жазодан озод этилиши белгилаб қўйилган. Қонун билан киритилган 60-модданинг 3-қисмида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб, қурилиш қилиб олиш ҳолатлари аниқланса фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача жарима белгиланган. Уни бартараф этса-этмаса жазодан озод қилиниши ёки бошқаси кўрсатилмаган», — дейди Санжарбек Шокаримов.Шокаримовнинг қайд этишича, фуқаро ўзбошимчалик билан қурилган иморатни 15 кун муддатда ихтиёрий равишда бартараф этиши шарт. Агар бартараф этмаса иш судга чиқарилиши мумкин.
Огоҳлантириш беришдан мақсад Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилда қабул қилинган 467-сонли қарори билан ‘Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни аниқлаш ҳамда бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш тартиби тўғрисида’ги Низом тасдиқланган. Низомда ўзбошимчалик билан қурилган иморатни 15 кун муддатда фуқаро ихтиёрий равишда бартараф этиши шарт. Агар бартараф этилмаса туман ҳокимлиги ёки кадастр агентлиги томонидан бузиш бўйича судга даъво ариза киритилиши кўрсатилган. Агар ушбу фуқаро 15 кунлик муддатда бартараф этмаганида бузиш бўйича судга даъво аризаси киритилиши таъминланарди. Кадастр агентлиги Андижон вилоят бошқармаси ходимлари томонидан Шаҳрихон туман адлия бўлими тақдимномасига асосан шу фуқаронинг мурожаати жойига бориб ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида фуқаро Кадастр агентлиги туман бўлими ходимлари томонидан қўлланилган жарима нотўғри қўлланилганини, қарор бекор қилинишини сўради. Борганимизда 76 метр/квадрат деб кўрсатилган бинонинг 36 квадрати ўша фуқарога, қолган қисми бошқа фуқароларга тегишли бўлганлиги, бундан ташқари берилган огоҳлантириш хатида ҳам 15 кун муддатда бартараф этса жавобгарликдан озод этилиши ёзилганини айтди. Шунда фуқарога маъмурий баённома ва қарордан норози бўлса судга мурожаат қилиши тушунтирилди. Фуқарога шунча тушунтиришларимизга қарамасдан адлия ва бошқа идораларга эътироз билдирди. Ҳақиқатан ҳам бартараф этган ҳолатлари бўйича судга ўзининг эътирозини билдириб, келтирган важлари тасдиқланса, тегишли муносабат билдирилади. Бунақа ҳолатлар иш фаолиятимизда жуда кўп учраган», — дейди Санжарбек Шокаримов.«Дарё» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Изоҳ (0)