“Talent show” МЧЖнинг “Овоз” лойиҳасида Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев муаллифлигидаги “Қора кўзли санамжон” асари бўйича муаллифлик ҳуқуқи бузилди. Адлия вазирлигининг маълум қилишича, лойиҳа иштирокчиси қўшиқни ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахсларнинг рухсатисиз куйлаган ва асар оммага YouTube орқали намойиш этилган.

Вазирлик текширув ўтказилгунга қадар видео ўчирилгани сабаб ҳуқуқбузарни келгусида қонунчилик талабларига қатъий риоя этиши бўйича огоҳлантирган.
Шу ўринда асарлардан фойдаланувчилардан, жумладан телерадиоканаллардан муаллифлик ва турдош ҳуқуқларга қатъий риоя қилишларини сўраб қоламиз, дейилади манбада.
Маълумот учун, қонунчиликка мувофиқ муаллиф ёки ҳуқуқ эгаси ҳуқуқбузардан зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан минг бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилишга ҳақли ҳисобланади.
Изоҳ (0)