Тошкент вилояти Янгийўл туманида табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланиб келган автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан терговга қадар текширувлар ўтказилган. Унда Янгийўл туманида жойлашган «Г.А.» ва «Н.М.» МЧЖларга қарашли автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ўрнатилган газ ҳисоблагичларга қасддан шикаст етказилиб, ускуна кўрсаткичларини ўзгартириш орқали табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келингани оқибатида давлат ва жамият манфаатларига жами 2,3 миллиард сўм зарар етказилгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)