Аргентина давлат сектори ходимлари касаба уюшмаси Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакатга режалаштирилган ташриф билан келса, уни ҳибсга олиш учун ордер беришни суддан сўради. Бу ҳақидаги баёнот Давлат сектори ходимлари ассоциацияси (ДХА) пойтахт филиали расмий веб-сайтида эълон қилинди.

“ATE инсон ҳуқуқлари ташкилоти HIJOS билан ҳамкорликда Халқаро жиноий суд томонидан берилган ордерлар асосида, Фаластин халқига қарши ҳарбий жиноятлар, геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айбланаётган Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуни зудлик билан ҳибсга олишни сўраб, федерал судга мурожаат қилди”, дейилади баёнотда.
Аргентина президенти маъмурияти маълумотларига кўра, ҳукумат Нетаньяхунинг яқин ойларда мамлакатга ташриф буюришини кутмоқда. Касаба уюшмаси оммавий ахборот воситалари хабарларига таяниб, ташриф 7-10 сентябрь кунларига режалаштирилганини маълум қилди.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Халқаро жиноий суд Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва яҳудий давлатининг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни Фаластин ҳудудида содир этилган ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар учун ҳибсга олиш тўғрисида ордер чиқарган эди. Аргентина Халқаро жиноий суднинг Рим статутини ратификация қилган.
Изоҳ (0)