«UzPaynet» устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш жараёни бошланди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар бермоқда.
Abrau Capital ва Centil компаниялар консорсиуми ушбу битим бўйича агентликнинг хусусийлаштириш бўйича етакчи маслаҳатчиси ҳисобланади.
Хусусийлаштириш жараёни
Иштирокчилардан қуйидаги маълумотлар билан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризаларини тақдим этишлари сўралади:
- Иштирокчи тўғрисида қисқача маълумот (шу жумладан, СТИР ва фаолият тури);
- Иштирокчининг устав капиталида 5 фоиздан ортиқ улуши мавжуд акциядорлар/ таъсисчилар ва якуний бенефициарлар тўғрисида маълумотлар;
- Молиявий ҳисобот (охирги 3 йилги фаолияти бўйича).
Ушбу аризалар 2022 йил 7 сентябрь соат 18:00 га қадар қабул қилинади.
Компания ҳақида
«UzPaynet» — Paynet тўлов тизимининг асосчиси ҳисобланади. У Ўзбекистон бозорида 2005 йилдан буён йирик тўлов ташкилотларидан бири сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Компания Paynet тўлов тизими ишлаб чиқарувчиси ва савдо белгиси эгаси деб ҳисобланади.
Ҳозирги кунда 390 дан ортиқ хизмат кўрсатувчи провайдерлар тўловларни тизим орқали қабул қилмоқда — мобил алоқа, интернет, уй-жой, суғурта, ва бошқалар.
Тизими орқали ҳар куни 1,3 миллиондан ортиқ тўловлар 25 минг тўловни қабул қилиш пункти ва мобил илова орқали амалга оширилади.
Изоҳ (0)