Марказий банк томонидан жорий йилнинг май—июнь ойларида 15 та банкнинг 74 та муассасасида банк хизматлари қонунчиликка мувофиқ кўрсатилишига доир навбатдаги назорат тадбирлари ўтказилди.
Бундай тадбирлар Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида жойлашган банкларда бўлиб ўтди.
Назорат тадбирлари банклар фаолиятида банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи камчиликларни аниқлашга ва уларни бартараф этиш чораларини кўришга қаратилган.
Ўрганишлар натижасида банк муассасалари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда қатор қоидабузарлик ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.
Жумладан, кредит ва омонат хизматлари ҳақида маълумотлар, шу билан бирга, кредит ва муддатли омонатларнинг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот варақалари тақдим этилмаганлиги, шунингдек, банк карталари эгаларига айрим молиявий операциялар ўтказишда имкон яратиб берилмаганлиги ҳолатлари кузатилган.
Аниқланган қоидабузарликлар бўйича қуйидаги банкларга кўрсатмалар юборилган:
- «Ипотека банк»
- «Агробанк»
- «Микрокредитбанк»
- «Халқ банки»
- «Туронбанк»
- Trastbank;
- «Капиталбанк»
- «Миллий банк»
- «Ҳамкорбанк»
- «Асака банк»
- Universalbank
- «Даврбанк»
- «Ипак йўли банк».
Бунда банкларга истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи сабабларни бартараф этиш ҳамда бундай ҳолатлар келгусида такрорланмаслиги юзасидан чоралар кўрилиши тўғрисида юборилган кўрсатмалар ижро этилиши мажбурий эканлиги айтилган.
Шунингдек, банклар томонидан қоидабузарликларни йўл қўйилишига сабабчи бўлган 101 нафар банк ходимларига нисбатан қонунчиликка мувофиқ интизомий жазо чоралари қўлланилди.