Филиппиннинг Лусон оролида 7,0 магнитудали зилзила юз берди. Бу ҳақда республика Вулканология ва сейсмология институтига таяниб, «РБК» хабар бермоқда. Дастлаб 7,3 магнитудали зилзила ҳақида хабар берилганди.
Зилзила эпицентри Таюм муниципалитетидан (Абра провинцияси) 3 километр шимоли-шарқда жойлашган. Зилзила ўчоғи 17 километр чуқурликда жойлашган. Турли хил интенсивликдаги силкинишлар провинциянинг бир қатор туманларида, шунингдек, Манилада ҳам сезилган.Транспорт вазирлигининг билдиришича, зилзила Манила метрополитенида сезилган. У ерда тирбандлик соатида поездлар ҳаракати тўхтатилган.
Филиппин президенти кичик Фердинанд Маркос зилзиладан жабр кўрган Абра провинциясига зудлик билан қутқарув гуруҳларини жўнатишни буюрди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.
Абра провинциясидаги Лагангиланг шаҳри мери Ровелин Вилламорнинг айтишича, ҳукуматга уйлар вайрон бўлгани ҳақида хабарлар келиб тушган. Бундан ташқари, шифохона жиддий шикастланган, биноси қулаб тушган. «Биз уйларга зарар етказилгани ҳақида хабар олдик. Аммо ҳозирча қурбонлар йўқ», — деди шаҳар ҳокими.
23 июль куни Эронда сейсмологлар иккита зилзила қайд этган эди, улардан бири 5,4 магнитудали, деб хабар берган Европа-Ўртаер денгизи сейсмология маркази (EMSC).
Ой бошида мамлакат жанубидаги Ҳормозган вилоятида силкинишлар қайд этилган. Ўшанда уч киши ҳалок бўлган, 19 киши яраланган, деб ёзди Reuters Фавқулодда вазиятлар бошқармасига таяниб.
Изоҳ (0)