Амстердамнинг Схипҳол аэропорти иқлим ўзгариши, шовқин ва ҳаво ифлосланишига қарши курашиш учун йиллик қабул қилинадиган рейслар сонини камайтирмоқчи. Бу ҳақда Travel Pulse хабар берди.
Схипҳол аэропорти раҳбарияти ҳаво бандаргоҳи ҳар йили у орқали ўтадиган рейслар сонини камайтириши ҳақида эълон қилган. Нидерландия расмийлари бунинг бир қанча сабабларини тилга олган, аммо улардан асосийси иқлим ўзгариши, шовқин ва ҳаво ифлосланишига қарши курашдир.
Қайд этилишича, 2023 йилдан бошлаб Схипҳол аэропорти орқали ўтишига рухсат бериладиган самолётлар сони йилига 440 мингтагача чекланади. Ҳозир уларнинг сони 500 мингга етган.
«Авиациянинг одамларга, атроф-муҳитга ва табиатга салбий таъсирини камайтиришга эътибор қаратиш лозим», — дейилади Транспорт вазирлиги хабарида.
Greenpeace авиация эксперти Деви Злох бу ҳаракатни тарихий ютуқ деб атади ва парвозларни қисқартириш табиат, саломатлик ҳамда иқлим учун зарурлигини айтди.
Схипҳол Нидерландиянинг асосий халқаро аэропорти, Европада эса учинчи энг гавжум аэропортдир.
Изоҳ (0)