Андижон вилоятида алимент тўловидан қарздорлиги бўлган 5997 нафар шахснинг мамлакат ҳудудидан хорижга чиқиши вақтинча чекланган, алимент пулларини ўз вақтида тўлашдан бош тортган 445 нафар фуқаро эса жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда «Дарё»га МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, МИБ вилоят бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан алимент тўловчи шахсларнинг масъулиятини ошириш бўйича мунтазам равишда профилактик суҳбатлар, тушунтиришлар олиб борилмоқда. Шундай бўлса-да ўз фарзандларининг таъминотидан бош тортаётганлар бор.
«Жорий йилнинг олти ойи давомида 680 нафар қарздор ота томонидан жами 272 миллион 211 минг сўмлик алимент пуллари ўз вақтида тўланмагани сабабли маъмурий жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун судларга тақдимномалар киритилган. Натижада улардан 445 нафарига нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган. Маъмурий жавобгарликдан хулоса чиқармасдан алимент пулларини тўлашдан бўйин товлашда давом этган қолган 43 нафар шахсга нисбатан эса жиноят иши қўзғатилган», — дейди бошқарма бошлиғи Отабек Салмонов.
Қўшимча қилинишича, бошқарманинг қидирув шўъбаси томонидан ўтган давр мобайнида 5997 нафар қарздор фуқаронинг (жами 59 миллиард 801 миллион сўмлик ижро ҳужжатлари бўйича) мамлакат ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган. Қидирувга берилган 799 нафар қарздордан 438 таси топилган. 236 та қидирувга берилган автотранспорт воситаларидан 135 таси топилган.
Изоҳ (0)