АҚШнинг Иллинойс штати, Чикаго шаҳри чеккасидаги Хайленд-Парк шаҳарчасида Мустақиллик кунига бағишланган парадда отишма уюштиришда гумонланаётган шахсга айблов эълон қилинди, деб ёзади «РБК» штат бош прокурори Эрик Райнхардтга таяниб.
21 ёшли Роберт Кримо еттита банд бўйича айбланмоқда. У бир умрлик қамоққа ҳукм қилиниши мумкин. Прокуратурадан қайд этишларича, кейинроқ Кримога нисбатан қўшимча айбловлар ҳам илгари сурилади.
Полиция маълумотларига кўра, гумонланувчи ҳужум чоғида «кучли винтовка»дан фойдаланган. Бундан ташқари, полициячилар тахмин қилишича, эркак отишмани «бир неча ҳафталар давомида» режалаштирган.
Хайленд-Паркдаги отишма 4 июль куни эрталаб содир бўлди. Ҳужумчи бинолардан бирининг томида бўлган. Сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони етти кишига етган, яна 24 киши яраланган. Беш киши воқеа жойида ҳалок бўлган, икки киши касалхонада вафот этган.
Гумонланувчи қочиб кетгани туфайли, полиция уни отишмадан кейин дарҳол тута олмаган. Охир-оқибат йигитни Шимолий Чикаго полициячилари кўриб қолган ва қўлга олган.
АҚШ президенти Жо Байден воқеани изоҳлар экан, «қуролли зўравонлик эпидемияси» қарши курашни тугатмоқчи эмаслигини айтиб, маҳаллий ҳукуматга ёрдам таклиф қилди ва федерал ҳуқуқ-тартибот органларидан текширувда ёрдам беришни сўради.
Изоҳ (0)