Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаев республика ҳарбий хизматчиларини тинчликпарварлар сифатида Марказий Африка Республикаси (МАР), Конго, Мали ва Ливанга юборишни таклиф қилди, унинг таклифини парламент йиғилишида мудофаа вазири Руслан Жаксиликов ўқиб эшиттирди, деб ёзади «РБК».

Фото: «РИА Новости»

Фото: «РИА Новости»

«Қуролли кучларнинг жами 430 ҳарбий хизматчидан иборат тинчликпарвар контингентини Марказий Африка Республикасини барқарорлаштириш бўйича кўп профилли мажмуали миссияда, иккинчидан, БМТнинг Конго Демократик Республикасидаги барқарорлаштириш миссиясида, учинчидан — Малидаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича кўп профилли мажмуали миссияда ва тўртинчидан, Ливандаги муваққат кучлар миссиясида иштирок этиш учун йўналтириш таклифини киритаман», — дейилади ҳужжатда.

Жаксиликовнинг сўзларига кўра, БМТ раҳбарияти Қозоғистон тинчликпарвар кучларининг ташкилот миссияларидаги сони ошишини қўллаб-қувватлашга тайёр, шунингдек, республика ҳарбийларининг шайлик даражасига юқори баҳо берди. Мудофаа вазири қўшимча қилишича, Қозоғистон штаб офицерлари ва ҳарбий кузатувчилар сифатида алоҳида ҳарбий хизматчиларни ҳам, шунингдек, БМТ миссияларида энг талабгир бўлган ихтисослашган бўлинмалар, хусусан, ҳарбий полициянинг пиёдалар, тиббий, разведка, муҳандислик бўлинмаларини ҳам ажратишга тайёр. Унинг қайд этишича, Қозоғистондан БМТ Қуролли кучларига бешта бўлинма кириши мумкин, бироқ улар бирданига эмас, миссияга шайлик баҳоланганидан кейин сўров бўйича юборилади.

Қозоғистон Мудофаа вазири маълум қилишича, бугунги кунда БМТнинг Ғарбий Саҳрои Кабир миссиясида республиканинг олти нафар ҳарбий хизматчиси қатнашмоқда, ташкилотнинг муваққат кучлари таркибига эса тўққиз нафар қозоғистонлик ҳарбий хизматчи киради.

Парламентнинг иккала палатаси депутатлари ҳам президентнинг таклифини ёқлаб овоз берди.

Айни пайтда БМТнинг Ливандаги миссияси кузатув хусусиятига эга бўлиб, унинг иштирокчилари жанговар ҳаракатларнинг тугатилишини кузатиб боради.

БМТнинг Конгодаги миссияси бевосита жисмоний зўравонлик хавф солувчи тинч фуқаролар, гуманитар персонал ва ҳуқуқ муҳофазачилари ҳимоясини таъминлайди ва ҳукуматга тинчликни мустаҳкамлаш ва барқарорлаштириш бўйича ишда кўмаклашади.

Малидаги миссия республиканинг ўтиш давридаги раҳбариятини давлат ҳокимиятини қайта тиклашда ва эркин, кенг қамровли ва тинч сайловларга тайёрланишда қўллаб-қувватлайди, шунингдек, гуманитар ёрдам тақдим этилиши ва кўчириб юборилган фуқаролар қайтиши учун шароитларни таъминлайди. МАРдаги миссия ҳам шунга ўхшаш фаолиятни олиб боради.

Изоҳ
Асосий янгиликлар