Сўнгги йилларда жаҳоннинг бир неча давлати, хусусан, постсовет давлатларида конституцияга кенг кўламли ўзгартиришлар киритиш тенденцияси бошланди. Демократик республикаларнинг энг олий қонуни бўлмиш Конституция қандай ўзгартирилади ва унга ўзгартириш киритиш қандай натижаларга олиб келади?
Конституция ўзи нима?
«Конституция» атамаси француз ва лотин тилидаги «constitution» сўзидан келиб чиққан бўлиб, фармон ва буйруқлар, шунингдек император қонунлари (constitutiones principis: edicta, mandata, decreta, rescripta) билдириш учун ишлатилган. Сўзнинг асл маъноси эса ўрнатиш, тасдиқлаш, тартибга солиш деганидир.
Кейинчалик, бу атама канон ҳуқуқи (черков қонунлари йиғиндиси)да муҳим таърифга, хусусан, ҳозирда ҳаворийлар конституцияси деб аталадиган Папа томонидан чиқарилган фармонга ишора қилиш учун кенг қўлланила бошланади.
Конституция демократик давлатларидаги энг олий қонунлар тўплами бўлиб, унга мамлакатдаги асосий эркинликлар ва мажбуриятлар ҳақида моддалар киритилади. Конституция ҳар бир соҳани тартибга солувчи моддаларга эга бўлмайди, у фақат энг асосий қоидаларни белгилаб беради. Конституция моддаларини бажариш мажбурий ва қатъий бўлиб, мамлакатдаги ҳеч қайси қонун ҳужжати конституция қоидаларига зид келмаслиги керак.
Дунёдаги илк ёзма конституция 1789 йилда АҚШда қабул қилинган. Энг қадимий ва қисқа конституция ҳисобланувчи ушбу конституция мустақил АҚШ давлатидаги энг муҳим қонунлар тўплами эди. АҚШдан сўнг жаҳоннинг жуда кўплаб давлатлари ўз конституцияларини қабул қила бошлади.
Бироқ аслида конституциянинг тарихи анча узоқ, милоддан олдинги даврларга бориб тақалади.
Дракон қонунлари. Конституция тарихи
Асосий қонунларнинг биринчи тўплами антик даврдаёқ пайдо бўлади. У биринчи марта милоддан аввалги 620 йилда Афинада қайд этилган, ушбу қонунлар шаҳарни бошқариш ҳақида бўлган. Афинада конституцияга эҳтиёж шошилинч эди: ҳокимият аристократияга тегишли бўлиб, шаҳар камбағал аҳолига номаълум оғзаки қоидалар орқали бойлар хоҳишига кўра бошқариларди. Афинада улар мол-мулк, ер ва ҳатто эркинлик билан гаровга олинган пул ссудалари билан шуғулланган. Оқибатда аҳоли қарз қуллигига тушиб қолади, катта ер-мулклар зодагонлар қўлида тўпланади, ҳукмдор заифлашади. Афинада агар кимдир жиноят содир этган бўлса, унинг оқибати жиноятчи ва жабрланувчининг қайси оилага мансублигига боғлиқ эди. Кўпинча бу бир неча авлодлар давом этиши мумкин бўлган қонли низоларга олиб келарди. Аристократик қасослар бутун шаҳарга таъсир қилади. Норози камбағал аҳолининг кўмаги билан мутлақ ҳукмдор бўлишга интилган олимплик Килонининг ҳокимиятни эгаллашга бўлган муваффақиятсиз уринишидан сўнг, аристократлар барчага мажбурий бўлган умумий қоидаларни жорий этишга мажбур бўлади.
Бу вазифа қонун чиқарувчи Драконга топширилди, у мавжуд қонунларни тузатади ва янгиларини киритади. Аристократлар ўртасидаги жиноятлар энди суд томонидан ҳал қилиниб, қонли адоватлар ноқонуний бўлиб қолади. Орадан уч юз йил ўтгач, Аристотел қасддан ва беихтиёр одам ўлдириш ўртасидаги фарқни белгилайди.
Дракон конституцияси шафқатсиз эди. Унда озиқ-овқат ўғирлаш каби кўплаб майда жиноятлар ҳам ўлим билан жазоланади. Қарз учун қулликка маҳкум қилиш давом этади.
Натижада, Дракон конституцияси узоқ вақт амалда бўлмайди ва милоддан аввалги 590 йилларда, навбатдаги тартибсизликлардан сўнг, Солон қонунлари билан алмаштирилади. У қарз амнистиясини ўтказади, барчани судда вакиллик билан таъминлаш ва сайланган органларда иштирок этиш малакасини кенгайтиради — бу билан у Афина демократиясининг илк пойдеворини қўяди.
Аристотел бошқа шунга ўхшаш қонунлар мажмуи қатори Дракон конституцияси билан ҳам қизиқади — у конституция нима ва уни қандай тартибга солиш кераклиги ҳақидаги савол қўяди. Аристотел ўзининг «Сиёсат» асарида шундай ёзади:
«Давлат тузуми лавозим соҳасидаги тартибдир; унинг остида барча қатламлар ўзига хос хусусиятлар асосида ёки умумий нуқтаи назардан уларнинг тенглигини белгилайдиган у ёки бу қоида орқали ўз ўрнини топади (айтмоқчиманки, масалан, камбағал ёки бадавлат ёхуд иккаласи учун умумий бўлган мувозанатни сақлайдиган қоида). Шундай қилиб, муқаррар равишда, давлатнинг таркибий қисмларига хос бўлган устунлик ва ўзига хос хусусиятларга кўра, давлат тузумининг қанча бошқарув усуллари мавжуд бўлса, шунча кўп турлари мавжуд».
Аристотел биринчи бўлиб конституциявий қонунларни оддий қонунлардан, яъни «мансаб соҳасида тартибни» ўрнатувчи қоидаларни ажратган. Бошқача қилиб айтганда, конституциянинг асосий вазифаси давлатни бошқариш тизими ва тартибларини тавсифлашдан иборат эканлигини белгилаган. Конституциянинг бошқа қонунлардан устунлиги ҳақидаги ғоя шундан келиб чиқади.
Манфаатлар эвазига ҳуқуқлар
Бутун дунёда конституциявий ҳужжатларни ёзиш давом этади. Улар орасида, масалан, XI-ХИИ асрларда ёзилган «Русская правда» («Рус ҳақиқати») қонунлар тўплами асосан суд нормаларини тавсифлаган.
Аммо конституциявий қурилишнинг замонавий назарияси ва амалиёти фақат XVII асрга келиб шакллана бошлайди.
Бу даврда асосий савол шу эдики, давлатда тартиб ўрнатиш ҳуқуқи қаердан келади ва нима учун ҳамма бу тартибни бажариши керак — яъни қонунийлик масаласи юзага чиқади. Ўрта асрларда муаммо оддийгина ҳал қилинган: Инжил қонунлари олий қонунлар деб ҳисобланган ва императорлар Худонинг ердаги ҳимоячилари сифатида папалар томонидан тож кийган. Бундан ташқари, ҳокимият анъаналарга таянган — «шундай бўлган, шундай бўляпти ва ҳар доим шундай бўлади». Секуляризация (черков ваколатларини қисқартириш) сабаб бу ёндашув сусая бошлайди ва эндиликда бошқа асосларни топишга тўғри келди. Бу ижтимоий шартнома эди.
Замонавий конституциявийлик назариётчилари — Томас Ҳоббс, Жон Локк, Жан-Жак Руссо ва бошқалар ҳар бир инсон табиий ҳуқуқларга эга деган ғояга содиқ эди. Эркинлик, адолат, тенглик, зўравонликдан ҳимояланиш, меҳнат қилиш ҳуқуқи табиатан одамларга тегишли. Бу ғоя янги эмас бўлиб, ҳатто антик даврда ҳам шундай ўйланган.
Ижтимоий шартнома тузиш орқали одамлар баъзи табиий ҳуқуқлардан воз кечади ёки уларнинг чекланишига рози бўлади, чунки бу уларнинг манфаатларига мос келади. Мисол учун, биз ўғрилик қилсак, озодлигимиз қамоқ билан чекланиши мумкинлигини қабул қиламиз — чунки бизни ҳам ҳеч қандай оқибатларсиз талон-торож қилишларини хоҳламаймиз. Бу алмашинувнинг асосий шарти шундаки, ҳуқуқлардан воз кечиш умумий манфаатлар учун ишлатилиши керак.
Детальлар ҳар хил бўлиши мумкин — бу давлат қурилиши соҳасида мутлақ монархияни ҳам, радикал демократияни ҳам оқлаши мумкин. Ҳар ҳолда давлатнинг асосий қонунлари ёки конституцияси ўзаро мажбуриятларни белгиловчи ҳужжатга айланади.
Конституциявий тузум
Конституциянинг ўзи қоғозга ёзилган сўзлардан бошқа нарса эмас. Бош қомусда белгиланган ижтимоий шартнома ҳақиқатан ҳам ишласа, бу давлат конституциявий бўлади. Амалда бу қандай юз беради:
Жараёнларнинг барқарорлиги — асосий қонунлар, қоидалар ва жараёнларни доимий ва асоссиз равишда ўзгартириш мумкин эмас. Фуқаролар ўз мамлакатларида ҳукумат қандай ишлашини билиши керак ва демак уларнинг ҳаракатлари оқибатларидан хабардор бўлишлари лозим. Конституциявий бўлмаган тузумларда фуқаролар, жумладан, юқори мансабдор шахслар кўпинча эртага ўзларини қандай тутишлари кераклигини ва «улар учун келишмаслигини» билмаслиги мумкин.
Ҳукуматнинг жавобгарлиги — Конституциявий демократик мамлакатларда ҳокимият органлари фуқаролар олдида қуйидаги тартиб-қоидалар орқали жавобгардирлар: сайловлар, давлат лавозимларини белгилаш, бюджет масъулияти, мансабдор шахсларни лавозимидан четлаштириш учун сайловлар, референдумлар. Ҳокимиятнинг жавобгарлиги фуқароларга ўз ҳукумати ҳаракатлари учун жавобгар бўлиш имконини беради.
Ҳокимият бўлиниши. Ҳокимиятнинг минтақавий ва федерал, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлиниши назорат ва мувозанат тизимини яратади. Фуқаролар турли муассасаларга мурожаат қилиш орқали олиб борилаётган сиёсатга таъсир қилиши мумкин бўлади.
Ҳокимият ҳаракатларининг шаффофлиги. Фуқаролар бошқарувда иштирок этиши ва етарли маълумотга эга бўлиши учун ҳокимиятнинг ҳаракатларида шаффофлик зарур, масалан, сайловлар орқали. Ошкоралик бўлмаса, ҳукуматнинг масъулиятини, демак, фуқароларнинг масъулиятини таъминлаб бўлмайди.
Конституциялар қандай ўзгартирилади?
Шубҳасиз, вақт ўтиши билан ижтимоий шартнома эскиради — кейин эса конституцияни ўзгартириш масаласи ўртага чиқади. Бироқ бу жараённи қандай ташкил қилиш кераклиги ҳақидаги савол жуда мураккаб. АҚШ Мустақиллик Декларацияси муаллифларидан бири Томас Жефферсон конституция ҳар 19 йилда бир марта ўзгартирилиши керак деб ҳисобларди. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, бу вақт ичида аҳолининг ярми янгиланади, яъни конституция энди уларнинг манфаатларини ифодаламайди.
Аммо бугунги кунда АҚШ конституциясига ўзгартириш киритиш жуда қийин — ҳатто ўзгартиришга қарши фуқароларнинг 2 фоизи ҳам тузатишлар қабул қилинмаслиги учун етарли бўлиши мумкин (лекин аниқроқ ҳисоб-китобларга кўра, фуқароларнинг тахминан 25 фоизи тузатишларни блоклаши мумкин). Гап бешинчи моддада кўрсатилган қоида ҳақида кетмоқда: унга кўра, тузатиш аввал Конгресснинг ҳар икки палатасининг учдан икки қисми томонидан маъқулланиши, кейин эса штатларнинг тўртдан уч қисми томонидан ратификация қилиниши керак. 1789 йилдан 2019 йилгача 11 770 та тузатиш таклиф қилинган бўлса, улардан 27 тасигина АҚШ конституциясига киритилган.
Данияда ҳам вазият худди шундай: у ерда конституцияга тузатишлар киритиш учун аввало парламентдаги кўпчилик уларга овоз бериши керак, сайловлардан кейин эса тузатишлар янги парламентда яна кўпчилик томонидан маъқулланиши лозим. Шундан сўнг референдум ўтказилиб, унда фуқароларнинг кўпчилиги ўзгартиришни ёқлаб овоз бериши, сайловчиларнинг камида 40 фоизи референдумда иштирок этиши шарт. Дания конституцияси кучга кирган 1849 йилдан бери фақат уч марта ўзгаришга учраган.
Дарҳақиқат, конституцияларга ўзгартиришлар киритишнинг осонлиги ҳалокатли оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин. Бу тарихда Веймар Республикаси билан содир бўлганди, унинг конституцияси тарихчи Уильям Ширер томонидан ХХ асрдаги энг либерал ва демократик деб аталган. Ушбу конституциянинг 48-моддаси президентга фавқулодда ҳолат жорий этиш ва Рейхстаг (парламент) розилигисиз қонунларни ўзгартиришга рухсат беради. Веймар Республикаси мавжуд бўлган даврда (1919-1933) президентлар ушбу моддадан юз мартадан кўпроқ фойдаланган — фавқулодда вазиятни жорий қилувчи модда ноқулай вазиятларни ҳал қилиш воситасига айланади. 1933 йил 27 февралда Рейхстагдаги ёнғиндан кейин Германия президенти яна 48-моддадан фойдаланган ҳолда фармон чиқаради. Бир ой олдин Адолф Гитлер канцлер тайинланган, аммо Рейхстагда кўпчилик овозга эга эмас эди. Нацистлар партияси президентни ёнғин коммунистик инқилобнинг бошланиши эканлигига ишонтиради. Президент 48-модда ёрдамида чиқарган фармонда шахсий, сўз ва матбуот эркинлиги, йиғилишлар ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи чекланади. Депутатларнинг мандатлари бекор қилинади, қайта сайлангандан сўнг, нацистлар партияси Рейхстагда кўпчиликни қўлга киритади ва Гитлерга диктаторлик ваколатларини берган «Халқ ва Рейхни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун»ни қабул қилишга муваффақ бўлади. Веймар конституцияси Учинчи Рейх ағдарилгунга қадар амалда бўлади. Худди шундай фирибгарлик Мисрда ҳам қилинганди. У ерда фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонун 1981 йилдан 2012 йилгача давом этади ва инқилоб сабабларидан бирига айланади.
Бошқа томондан, баъзан конституцияларни ўзгартириш ҳақиқатдан ҳам керак бўлади ва кўплаб мамлакатларда бу одатий жараён. Мисол учун, Германияда тузатишларни қабул қилиш учун фақат парламентнинг учдан икки қисмининг овози керак холос. Бироқ аксарият мамлакатларда конституцияга киритилган ўзгартиришлар одатда парламент томонидан икки марта — сайловдан олдин ва кейин овозга қўйилади ёки парламент маъқуллаганидан кейин референдум ўтказилади.
Фасад (сохта) конституциялар ва уларга тузатиш киритиш
Конституциявий бўлмаган кўплаб тузумларда ҳам конституция мавжуд. Улар турли мақсадларга хизмат қилиши мумкин — масалан, давлат бошқарувини ташкил этиш, яъни ижтимоий шартномага таянмасдан, асосий қонун бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бошқа ҳолларда, конституцияга эга бўлиш халқаро муносабатлар учун фойдали. Фасад конституциялари араб дунёси, Африка ва Лотин Америкасида кўпроқ учрайди.
Бундай мамлакатларда сохта конституциялар, масалан, парламент сайланиши билан ишлай бошлайди ёки аксинча. Муаммо шундаки, бундай вазиятда тузатишлар кўпинча ҳокимиятлар бўлиниши ва умуман қонунчилик базасининг хиралашишига олиб келади ва одатда шундай бўлади ҳам. Баъзи тадқиқотчилар бу жараёнларни wiki-конституциявийлик деб атайди, чунки бундай тузумлардаги асосий қонун Википедия мақолалари каби осонлик билан қайта ёзилади.
Муваффақият йўли
Самарали конституциявий тизим барқарорлик ва мослашувчанлик ўртасидаги мувозанатни доимий излашдир. Бундай конституциялар муваффақиятли бўлиб, жараёнларнинг барқарорлигини таъминлайди, аммо ўзгарувчан шароитларга нисбатан мослашувчан бўлади. Яхши ишлайдиган конституциявий ҳужжатларни қандай қоидалар бирлаштиради:
- қисқа, батафсил эмас
- процедуралар ва процессларга қаратилган (мазмунидан фарқли ўлароқ)
- мазмуни, агар мавжуд бўлса, мавҳум, кенг ёки ноаниқ тарзда ёзилган
- процедуралар мамлакат сиёсий тажрибасига мос келади.
Изоҳ (0)