Калининград вилоятида оғир аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграция агентлиги.
13 май куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Санкт-Петербург шаҳридаги ваколатхонасига Калининград вилоятида вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқароси Б.I. оғир тан жароҳати олиб, қийин аҳволга тушиб қолгани сабабли ватанга қайтишда ёрдам сўраб, мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, фуқаро Б.I. 2021 йилнинг май ойидан буён Калининград вилоятида қонуний меҳнат фаолиятини олиб борган. 2022 йилнинг 30 апрель куни иш жойида баландликдан қулаб тушиш оқибатида оёғи синган ва узоқ муддатга меҳнат фаолиятига яроқсиз бўлиб қолган.
«Ҳамюртимизнинг мурожаати зудлик билан ўрганиб чиқилди ва 29 май куни Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ватанга қайтарилди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, Ленинград вилоятида вақтинча яшаб, қонуний тарзда меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқароси Ш.Х. ҳам оғир аҳволга тушиб қолгани сабабли ватанга қайтарилган.
Аниқланишича, фуқаро Россияга 2019 йилнинг январь ойида қонуний йўллар билан келган, барча керакли ҳужжатлар асосида қурилиш компаниясида меҳнат фаолиятини олиб борган. 2022 йилнинг 8 апрель куни иш жойида бахтсиз ҳодиса туфайли оғир тан жароҳати олган ва узоқ муддатга меҳнатга яроқсиз бўлиб қолган.
Ваколатхона ходимларининг амалий ёрдами билан Ш.Х. 30 май куни Ўзбекистонга қайтарилган.
Аввалроқ Краснодарда иш берувчи томонидан ҳужжатлари олиб қўйилиб, маошлари тўланмай келган ўзбекистонликларга ёрдам берилганди.
Изоҳ (0)