Англиянинг “Манчестер Сити” клуби испаниялик ярим ҳимоячи Родрига 2029 йил ёзигача амал қиладиган янги шартнома таклиф этишга тайёр. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилган.

Манбага кўра, 29 ёшли футболчининг клуб билан ҳозирги шартномаси 2026/27 йилги мавсум охиригача амал қилади. Бироқ “шаҳарликлар” жамоанинг муҳим футболчиларидан бири ҳисобланган Родрини узоқ муддат таркибда сақлаб қолишни мақсад қилган. Романонинг қўшимча қилишича, агар янги шартнома имзоланса, Родри Эрлинг Ҳоланддан кейин клубдаги энг юқори маош оладиган футболчига айланади.
Аввалроқ испаниялик футболчига Мадриднинг “Реал” клуби қизиқиш билдираётгани, ҳатто у учун 100 миллион евро таклиф қилишга тайёр экани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Родри “Манчестер Сити” сафида 2019 йилдан буён ҳаракат қилмоқда. Ўтган мавсумда у атиги 8 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та голли узатма муаллифи бўлди. У тиззасидан олган жароҳат сабабли мавсумнинг катта қисмини ўтказиб юборди. Transfermarkt порталининг маълумотига кўра, Родрининг ҳозирги қиймати 110 миллион еврони ташкил этади.
Изоҳ (0)