Касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича Европа маркази (ECDC) томонидан эълон қилинган сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунё бўйлаб маймунчечак билан касалланиш ҳолатлари 219 тага етди.
ECDC маълумотларига кўра, Европада касалликнинг Африкага (касаллик эндимик бўлган қитъа) ҳеч қандай эпидемиологик алоқаси бўлмаган юқиш занжирлари биринчи марта қайд этилган.
Май ойида маймунчечакнинг ғайриоддий тури биринчи марта аниқланган Буюк Британияда ҳозир энг кўп бемор мавжуд — 71 нафар.
Ундан кейинги аксарият беморлар Испания (51 нафар) ва Португалияга (37 нафар) тўғри келмоқда. Европадан ташқарида Канадада 15 кишида ва АҚШда 9 кишида ушбу касаллик тасдиқланган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, вирус касалланган ҳайвоннинг тишлаши, қони орқали ёки уларнинг гўштини истеъмол қилиш билан юқади. Бошланғич аломатлар қўл ва юзда сувчечакка ўхшаш тошмалар пайдо бўлиши ва юқори иситмадан иборат бўлади.
Маймунчечакни даволаш учун қўлланадиган бирор тиббий восита йўқ, лекин симптомлар кўп ҳолларда икки-тўрт ҳафтадан кейин йўқолади ва одатда ўлимга олиб келмайди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маймунчечакнинг тарқалиши оммавий эмлашни талаб қилмаслигини, уни тўхтатиш мумкинлигини маълум қилган.
Бельгия ва Германияда маймунчечак билан касалланганлар учун 21 кунлик карантин жорий қилинган.
Изоҳ (0)