Тошкент—Истанбул йўналиши бўйлаб ҳаракатланган HY-273 рейси 25 май куни Трабзон аэропортига мажбурий қўнди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways хабар қилди.
Қайд этилишича, шу куни самолёт жадвалга мувофиқ Тошкентдан парвозни бошлаган. Техник сабабларга кўра Тошкент вақти билан соат 21:10 да Трабзон аэропортига мажбурий қўнишни амалга оширган.
«Ҳозирда ҳаво кемаси бортидаги 240 йўловчи ҳаётига ҳеч қандай хавф туғдирмаяпти. Яқин вақт ичида барча йўловчилар Трабзон шаҳрида жойлашган меҳмонхонага жойлаштирилиб, тез фурсатларда белгиланган манзил — Истанбул шаҳрига етказилади», — дейди авиакомпания ахборот хизмати.
Шунингдек, ушбу сабаб туфайли HY274/25МАЙ22 Истанбул—Тошкент йўналиши бўйича авиақатнови вақти кечиктирилади. Айни вақтда Истанбулдан Тошкентга йўловчиларни олиб кетиш учун резерв ҳаво кемасини юбориш масаласи ишлаб чиқилмоқда.
«Келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилар ва уларни кутиб олувчилардан узр сўраймиз, шунингдек, юзага келган вазиятни тўғри тушунишингизни сўраб қоламиз», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкентдан Киевга учган самолёт Молдовага йўналтирилгани, Намангандан Краснодарга учган самолёт вилоятга қайтишга мажбур бўлгани, Истанбулдан Урганчга келаётган рейс ноқулай об-ҳаво туфайли Тошкентга йўналтирилгани ҳақида хабар берилган.
Изоҳ (0)