Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига 8 май куни, 9—11 май кунлари эса республиканинг барча ҳудудларига Кавказ ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво кириб келади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар қилди.
Қайд этилишича, 8 майда Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида, 9—11 майда республика бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Жумладан:
- 9 майда Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида;
- 10 майда Бухоро, Навоий вилоятларида;
- 10—11 майда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда кучли ёмғир ёғиши мумкин.
Аввалроқ келаси ҳафта бошларида Ўзбекистоннинг катта қисмида кучли жала ёмғирлар ёғиши мумкинлиги хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзгидромет» 3—4 майда Волгабўйи ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келишини маълум қилганди. Кучли ёғингарчилик сабаб Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида сел оқимлари ва тошқин сувлари юзага келди.
Изоҳ (0)