Президент Шавкат Мирзиёев «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолагани тўғрисида хабар берилганди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистонда «Ибратли оила» кўкрак нишони таъсис этилади.
«Ибратли оила» кўкрак нишони фаровон ва барқарор оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш мақсадида оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган оилаларга берилади. Фармон билан уни 15 май — Халқаро оилалар кунида топшириш тартиби белгиланган.
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси бир ой муддатда «Ибратли оила» кўкрак нишони тўғрисидаги низом лойиҳасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим.
Аввалроқ «Олий таълим соҳасидаги хизматлари учун» ҳамда «Ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасидаги хизматлари учун» кўкрак нишонлари таъсис этилиши маълум бўлганди. Бундан ташқари, мамлакатда 2017 йилдан бери «Жисмоний тайёргарлик даражаси», «Халқлар дўстлиги», «Маънавий-маърифий ишлар аълочиси», «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси», «Халқ таълими фидойиси», «Меҳнаткаш деҳқон»,«Жанговар ҳамдўстликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун», «Меҳнат фахрийси», «Маҳалла ифтихори» каби кўкрак нишонлари таъсис этилган.
Изоҳ (0)