«Change.org» сайтида Россия президенти Владимир Путинни «ҳаммасига ҳамма» тамойили асосида асирлар ва қурбонларни Украина билан алмашишни бошлашга чақирувчи петиция пайдо бўлди.
«Бундай жараёнлар халқаро шартномаларда кўзда тутилган ва инсонпарварлик нуқтаи назаридан, асирга олинган россиялик ҳарбий хизматчилар ўз оилаларига қайтишлари, қурбонлар билан эса уларнинг қариндошлари ва дўстлари видолашиши учун имкон қадар тезроқ амалга оширилиши керак», — дейилади петицияда.
Шунингдек, петиция муаллифлари қурбон ва асирларни алмашиш вақтида томонлардан ўт очиш режимини тўхтатишга риоя қилишни сўраган.
Айни вақтга қадар петицияга 800 дан ортиқ одам имзо қўйган бўлиб, улар орасида режиссёр Александр Сокуров, «ДДТ» гуруҳи етакчиси Юрит Чевчук, «Митки» ижодий гуруҳи рассоми Дмитрий Шагин, тарихчилар Лев Луре, Ирина Левинская ва Анатолий Разумов, ёзувчи Нина Катерли, депутатлар Бориш Вишневский ва Александр Шишлов, «Яблоко» партияси аъзолари Анатолий Голов ва Юрий Нестеров, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Наталия Евдокимова, Оксана Парамонова, Евгения Литвинова ва бошқалар бор.
Аввалроқ Россия ҳарбийлари «сукунат режими»ни эълон қилиб, Киев, Харьков, Суми ҳамда Мариупол вилоятларидан тинч аҳолининг чиқиб кетиши учун гуманитар коридорлар очаётгани тўғрисида хабар берилганди. Таъкидланишича, гуманитар коридорлар «ҳалокатли гуманитар вазият» ҳисобга олинган ҳолда ҳамда Франция президенти Эммануэль Макроннинг Россия президенти Владимир Путиндан шахсий илтимоси сабаб очилмоқда.
Россия—Украина урушига оид тезкор, ишончли янгиликлар ва маълумотларни «Дарё»нинг Live саҳифаси орқали кузатиб боринг → @Daryo_Live
Изоҳ (0)